Ҳудудий бирлашма томонидан медиа тадбирлар режаси асосида брифинг ташкилланди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси медиа тадбирлар режаси асосида давлат ташкилотлари, ННТлар вакиллари, Федерация тизимида меҳнат фаолияти олиб борётган ходимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳаётга кенг жорий қилишда аҳоли вакиллари қандай муаммолар билан дуч келмоқда?” мавзусида брифинг ўтказди.
Брифингда таъкидландики, ҳудудий бирлашма тизимидаги ташкилотлар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, қонун ижросини таъминлаш ва бу борада самарали жамоатчилик назорати олиб бориш мақсадида соҳага дахлдор бўлган давлат бошқаруви ва ҳокимияти идоралари, хусусан вилоят прокуратураси, Рақобат бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санэпидқўмитанинг вилоят бошқармаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг вилоятдаги бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ва бошқа идоралар билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Таълим муассасалари билан яқиндан иш олиб бориш мақсадида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ижтимоий шериклик ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шунингдек, Федерациянинг Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорлик бўйича имзолаган меморандуми асосида Фарғона политехника институти, ТАТУ Фарғона филиали, Латвиянинг Аҳборот тизимлари менежменти олий мактаби Фарғона филиали билан меморандумлар имзоланди.
Олиб борилаётган ишларнинг натижаларини эса фуқароларнинг Федерация ва унинг ҳудудий органларига қилаётган мурожатларидаги сон ва сифат ўзгаришларидан сезиш мумкин. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 267 та мурожаатлар келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 226 таси ёки 85 %и тўлиқ ва ўз муддатларида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинган. Ўрганишларнинг қонуний муддатлари ниҳоясига етмаган ёки қўшимча ўрганишларни талаб қилувчи 41 та мурожаатлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Тизим ташкилотларига келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижаларига кўра жами 172 миллион 819 минг 385 сўм маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган. Шуларнинг 34 миллион 917 минг 497 сўми Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони орқали қайд қилинган мурожаатларни, 2 миллион 800 минг сўми Ҳукумат идораларидан келган мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижаларига кўра ҳал қилинган бўлса, 135 миллион 101 минг 888 сўм маблағлар тизим ташкилотларига тўғридан ёзма ва оғзаки равишда келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижалари бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинган. Истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган маблағларнинг 170 миллион 019 минг 385 сўми тизим ташкилотларининг ўз кучлари билан ҳал қилинишига эришилган.
Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларда энг кўп тилга олинган соҳа савдо соҳаси бўлиб, ушбу соҳа бўйича мурожаатлар жами мурожаатларнинг 32,6 % ида кузатилган. Шунингдек, кейинги ўринларни газ таъминоти ва коммунал хўжалик (ҳар бири 13,1 % дан), электр энергияси таъминоти (10,9 %), хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаси (8,2 %), сув таъминоти (7,1 %) ҳамда бошқа соҳалар банд қилган.
Савдо соҳаси бўйича мурожаатларнинг таркиби кўрилганда уларда кўпроқ харид қилинган маиший техниканинг сифати, улардаги нуқсонлар ҳамда уларни алмаштириш юзасидан қилинган мурожаатлар кўпроқни ташкил қилди. Уларнинг савдо соҳаси юзасидан келиб тушган жами мурожаатлар ичидаги салмоғи 48 % дан ортиқроқни ташкил қилган.
Юқоридагиларни умумлаштирганда вилоят аҳолиси (истеъмолчилар) жойларда савдо, умумий овқатланиш, коммунал, тиббий, маиший ва бошқа хизматларни кўрсатиш объектларида амалдаги қонунчилик талабларининг тўлақонли ижроси таъминланмаётганлиги, хусусан истеъмолчиларнинг маълумот олиш ҳуқуқи тўлақонли равишда таъминлаб берилмаслиги оқибатида товарлар сотиб олингач, иш ва хизматларга берилган буюртмалар бажарилгач олдиндан тўлақонли маълумот берилмагани оқибатидан турли келишмовчиликларга дуч келаётганликлари, шунинг билан биргаликда, қонуннинг сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) олди-сотди жараёнида товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши лозимлиги тўғрисидаги нормаларига тўлиқ амал қилмаслик натижасида ҳам кейинчалик тушунмовчиликлар келиб чиқаётганлиги айтиб ўтилди.
Қонунда олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилган бўлиб, айтайлик олди-сотди жараёнида сотувчи томонидан ушбу норма асосида қабул қилинган қоидалар бўйича истеъмолчиларга тушунтиришлар берилмаслиги аҳоли томонидан харид қилинаётган, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган тоифадаги товарларни харид қилиб бўлгандан кейин алмаштиришга ёки пулини қайтариб олишга интилиб, бу борада турли идораларга мурожаат қилиб боришларига сабаб бўлаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Сотувчиларда узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозимлиги, агар бундай товарларга кафолат муддати белгиланмаган бўлса истеъмолчи 6 ой давомида кафолат муддати белгиланган товар каби ўзининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олиши мумкинлиги ҳақида билимларни етишмаслиги ҳам кейинчалик истеъмолчи ва сотувчи ўртасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Аҳоли вакиллари (истеъмолчилар) кўпроқ ҳолатларда ўзларига сотилган товарда нуқсон аниқланганда уларни сотувчи (ёки ишлаб чиқарувчи ёхуд унинг вакили)дан алмаштириб олиш, бепул таъмирлатиш жараёнларида турли муаммоларга дуч келмоқдалар. Бунга асосий сабаб қилиб эса аҳолимиз вакилларининг сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)га ўз қонуний эътироз ва талабларини оғзаки шаклда билдириши, кўплаб давлатларда урф бўлган каби ушбу эътирозномаларни ёзма равишда бериш малакаси шаклланмаганини кўрсатиб ўтиш мумкинлиги айтилди.
Шу ўринда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг ҳудудий ижро этувчи ташкилотлари барчанинг истеъмолчи эканлигидан келиб чиққан ҳолда, барча давлат ва нодавлат ташкилотларини ҳамда жамоатчилик вакилларини истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билимлари ва истеъмол маданиятини ошириш ишида ҳамкорликка чақириб қолинди.
Ғанижонова Дилрабо,
ФарДУ талабаси, амалиётчи.
Post Comment