Риштонда “Истеъмолчилар уйи” қад ростлади (видео)

Риштонда “Истеъмолчилар уйи” қад ростлади (видео)

“Ўқинг ва ўрганинг. Жиддий китобларни ўқинг. Қолганини ҳаётни ўзи тушунтириб беради”
Ф.М. Достоевский
Китоб, адабиёт инсон қалбини гўзалликка чорлайди, бошқалар англай олмайдиган саккизинчи мўжизани ҳис этишга сабабчи бўлади. Қачон ёшлар китобга чин маънода меҳр қўйиши, ўзи истаб мутолаа қилиши мумкин? Қачонки китоб ўқишга шароит ва имкониятлар яратилса…
Дунёнинг ривожланган мамлакатларига борсангиз китоб дўконлари кўплигига гувоҳ бўласиз. Бундан ташқари хиёбонлар, умумий овқатланиш жойлари, бекатлар, метро ва бошқа аҳоли гавжум жойларда ҳам китоб ўқишга шароитлар яратиб қўйилган. Демак, йигит-қизларга китоб ўқи, дея дашном беришдан аввал уларга шароит яратиб бериш лозим. Бугун фақатгина мутасадди ташкилотлар эмас, фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ташкилот ва инсон китоб ўқиш учун шароит ва имкониятлар яратишга ҳаракат қилиши лозим.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жойларда “Истеъмолчи кутубхонаси”, “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишларни режалаштириб олган. Келгусида 40 дан ошиқ туман ва шаҳарларда бу каби лойиҳалар амалга оширилади.
Айни вақтда эса Фарғона вилоятининг Бағдод, Данғара, Қўштепа, Фарғона туманларида мазкур лойиҳалар асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Федерация тизимидаги ташкилотлар ичида биринчи бўлиб, Олтиариқ туманида “Истеъмолчи кутубхонаси” ишга туширилди. Кутубхона бугунги кунда туман аҳолиси, аввало ёшлар учун ўзининг хизматларини кўрсатмоқда.
Фарғона шаҳрида қуриладиган “Истеъмолчилар уйи” лойиҳалаш-экспертиза босқичидан ўтиб, қурилиш ишларини бошлаш арафасида турибди.
Президентимизнинг Бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш доирасида Риштон туманида амалга оширилган лойиҳа республикамизда иккинчи, лойиҳанинг ўзига хослиги бўйича республикада биринчи дейишимиз мумкин. Сабаби бу ерда “Истеъмолчи кутубхонаси” билан бир қаторда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти маъмурий биноси ҳам қад кўтарди.
Лойиҳа бўйича “Истеъмолчи кутубхонаси” ва жамият маъмурий биноси яхлит “Истеъмолчилар уйи” комплексини ташкил қилди. Мақсад туман жамиятига турли масалаларда ташриф буюраётган истеъмолчилар, бу ерда нафақат ўзларини қийнаб турган муаммолари билан мурожаат қилишлари, бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари, балки қўшимча маънавий озуқа олишлари учун ҳам шароит ҳозирланмоқда.
“Истеъмолчилар уйи”ни очилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж. Саримсоқов иштирок этди.
Қилинаётган саъй-ҳаракатлардан мақсад Ватан равнақи, юрт тинчлиги учун хизмат қиладиган қалб кўзи очиқ, теран дунёқарашли ўғил-қизларни вояга етказишдир. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Риштонда қад ростлаган “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” туман аҳли учу чин маънода байрам туҳфаси бўлди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin