Бажарилган иш учун ортиқча ҳақ олган устадан пул суд орқали қайтариб олинди
Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судида Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг фуқаро А.Х.нинг манфаатини кўзлаб қурилиш ишлари устаси А.Э.га нисбатан киритилган даъво аризаси кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.
Маълум бўлишича, фуқаро А.Х.нинг хонадонида томга шифер ёпган А.Э. ва унинг шериги бўлган уста томонидан бажарилган ишлар учун ҳисоб-китоб вақтида адашилиб, буюртмачи А.Х.дан 1 480 000 сўм миқдорида ортиқча пул олинган. Ҳисоб-китобда англашилмовчиликнинг келиб чиқишига эса том ёпиш шаклининг дастлабки келишувдагига нисбатан ўзгариши ва бунинг натижасида камроқ қурилиш материаллари ва хизмат ҳақи сарфланганлиги сабаб бўлган. Тўловни кўпроқ тўлаб юборганлигини кейинчалик пайқаган буюртмачи улардан ортиқча олинган пул суммасини қайтарилишини сўраган. Иккинчи томон ҳам пулни ортиқча олинганини тан олиб, қайтаришга ваъда қилган. Лекин бу ишлар пайсалга солинавергач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Иш судда кўрилгунига қадар А.Э.нинг шериги бўлган уста 1 480 000 сўм ортиқча олинган хизмат ҳақидан ўзи олган 740 000 сўмни қайтарганлиги сабабли, даъво иккинчи уста А.Э.нинг ўзига нисбатан киритилди. Суд ишни кўриб чиқиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 740 000 сўм ортиқча олинган пул маблағи ва 34 000 суд ҳаражати, давлат дародамига 340 000 сўм давлат божи ундирилиши бўйича ҳал қилув қарори чиқарди.
Авазбек Юсупов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment