Кафолат муддати ичида нуқсон аниқланган кондиционер бепул таъмирлатилди
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида тумандаги “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С. A. нинг, уч йиллик кафолат муддати билан, товар қийматини бўлиб тўлаш шартлари асосида харид қилган кондиционери носоз ҳолатга келиб қолганлиги боис уни таъмирлатиб беришда ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Истеъмолчига кўра, унинг томонидан 2023 йилнинг ёз ойларида туман марказидаги “Garant” кредит савдо дўконидан уч йиллик кафолат муддати билан харид қилинган “Avalon” русумли кондиционерда, орадан бир ярим йил ўтиб, яъни шу йилнинг қиш мавсумига келиб, носозлик кузатилган. Носозлик кондиционернинг қишки режимда яхши ишламаслиги, аниқроғи иссиқ ҳаво ҳайдамаслик кўринишида намоён бўлган. Бу борада сервис марказига мурожаат қилинганида эса носозлик пулли асосларда бартараф этиб берилиши маълум қилинган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) томонидан кафолат муддати белгиланади ҳамда ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлайди. Қонун талабларини бажарилмаслиги ёки уларни бажаришдан бўйин товлаш эса тегишли тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.
Шу нуқтаи назардан, масалага туман жамияти мутахассислари аралашуви билан, қонун талаблари ижроси таъминланишига, сервис маркази томонидан муаммо тез фурсатда ҳал қилиниб, кондиционердаги нуқсон бепул асосда бартараф этиб берилишига эришилди. Мурожаатни ўрганиш доирасида томонларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботи олиб борилди.
Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment