Истеъмолчи уч миллионга чув тушишини олди олинди

Истеъмолчи уч миллионга чув тушишини олди олинди

Олтиариқ туман истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига истеъмолчилардан кундалик ҳаётимиздаги турли масалалар юзасидан мурожаатлар келиб турибди. Жорий йилда ушбу йўналишда 14 млн сўмдан ортиқ маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб беришга эришилганлиги ҳам бу борада сермаҳсул иш олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда бир мисол. Олтиариқ туманида яшовчи Н.К. хонадонида қурилиш ишларини бошлагач, Боғдод туманида фаолият кўрсатиб келаётган корхонадан ҳар бир донасини 600 (олти юз) сўмдан, жами беш минг дона пишган ғишт сотиб олади. Лекин ғиштлар хонадонга келтирилгач, улардан фойдаланиш жараёнида ҳеч қанча вақт ўтмасдан шўрлашиб тўкилиб туша бошлайди. Муаммони ўз кучи билан ҳал қила олмаган истеъмолчи ёрдам сўраб туман жамиятига мурожаат қилади.

Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи хонадонида ҳолатга ўз кўзлари гувоҳ бўлган туман жамияти ходимлари корхонага мурожаат қилиб, амалдаги “Истеьмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун талаблари бўйича тушунтиришлар бериб ўтдилар. Хусусан, қонуннинг 8-моддасида, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга ва бу шартномага кўра сотувчи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Агар ушбу жараёнда истеъмолчига нуқсонли товар сотилган бўлса, унда мазкур қонуннинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқлар вужудга келади. Ва унга кўра, истеъмолчи нуқсонли товарни алмаштириб олиш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қопланишини талаб қилиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларга эга бўлади.

Мурожаатни ўрганиш давомида юқоридаги тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган ҳамда ўз мижозларини ҳурматини жойига қўядиган корхона масъуллари нуқсонли деб топилган маҳсулотни мақбул сифатдагисига алмаштириб бердилар. Натижада истеьмолчининг 3 000 000  (уч миллион) сўмга чув тушиб қолишини олди олинди.

 

Бахтиёр Абдурахмонов

Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти раиси

(юқорида иллюстратив расм)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin