Истеъмолчи биологик фаол қўшимчани дори воситаси деб сотиб олган

Истеъмолчи биологик фаол қўшимчани дори воситаси деб сотиб олган

Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Гумбаз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.А.нинг Инстаграм ижтимоий тармоғи орқали 3 270 000 сўмга буюртма қилган дори воситаси унга таъсир қилмаганлиги сабабидан тўлаган пулини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Бош прокуратура ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, агар Сизда ижтимоий тармоқларда дори воситаларини харид қилиш нияти бўлса, унутманг, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунига аосан фақат шифокорнинг рецепти бўйича тарқатиладиган дори воситаларини; таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини; Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланиш учун рухсат этилмаган дори воситаларини;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини реклама қилиш тақиқланган! Демак, бу турдаги дори воситалари ижтимоий тармоқларга қўйилиб, реклама қилинмайди. Шунингдек, юқоридаги тоифаларга кирмайдиган, бошқа дори воситаларини реклама қилишга нисбатан ҳам қонунчиликда ўзига хос ва тегишли чекловлар ва тақиқлар мавжуд. Шу сабабдан ҳам ижтимоий тармоқ орқали дори сотиб олиш истагида бўлган фуқаро бу ҳолатларни ёдда тутиши керак бўлади.

Ўрганилган мурожаат эгаси ҳам аризасида “мен Инстаграм ижтимоий тармоғи орқали дори сотиб олдим”, деган жумлани ишлатган бўлсада, унинг томонидан сотиб олинган Сустафлекс капсулалари интернет сайтларида дори воситаси эмас, балки Биологик фаол қўшимча сифатида тарифланади. Биологик фаол қўшичаларга эса бирор бир касалликни даволовчи дори воситаси сифатида эмас, балки озиқ-овқат маҳсулоти сифатида сертификат берилади.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида истеъмолчи томонидан тақдим қилинган боғланиш рақамлари орқали биологик фаол қўшимчани сотган сотувчи компания масъуллари билан боғланилиб, улар билан амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан суҳбатлашилиб, истеъмолчи мурожаатида келтирилган талаб уларга етказилди. Олиб борилган музокаралар натижасида ва истеъмолчининг розилиги асосида капсулаларнинг ҳали истеъмол қилинмаган 1 944 000 сўм қисми сотувчига қайтарилиб, шу миқдордаги пул суммаси истеъмолчига қайтариб берилишига эришилди.

Ҳурматли истеъмолчилар, сизлардан дори воситаларини ижтимоий тармоқлардаги турли шубҳали сайт ва ҳаволалар орқали буюртма қилмасликни ва уларни дорихоналардан сотиб олишингизни, дори воситаларини шифокор тавсиясисиз харид қилмаслик ва истеъмол қилмасликни сўраб қоламиз. Унутманг, Вазирлар Маҳкамасининг 06.04.2017 йилдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланган.

Хусниддин Латипов,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment