Нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштирилди

Нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштирилди

Ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчининг ушбу товарни айни шундай мақбул сифатли товарга алмаштириб берилишини талаб қилиш ҳуқуқи ва даъво қилинган нуқсонни сотувчи томонидан қўшимча текшириб олиш зарурати бўлмаса, уни етти кунлик муддат ичида алмаштириб берилиши шартлиги ҳамда қонунда белгиланган алмаштириб бериш муддатларини ўтказиб юборганлик учун истеъмолчи сотувчидан неустойка (пеня) ундириб олиши мумкинлигидан, албатта, кўпчиликнинг хабари бор. Лекин шундай бўлсада айрим сотувчилар бундай ҳолатлар юзага келганда ўз қўлида мавжуд қонуний имкониятларни ишга солиш ўрнига турли баҳона ва важлар билан товарни алмаштириб бермасликка ёки алмаштириш ишларини пайсалга солишга уринадилар.

Шундай ҳолатлардан бири Ёзёвон туманида кузатилган. Истеъмолчи Х.М. пенсиясидан ажратиб, тумандаги бозордан 310 000 сўмга харид қилиб олиб келган костюм шимнинг орадан бир кун ўтмасданоқ иплари узилиб, чоклари очилиб кета бошлаган. У масалани сотувчи билан музокара воситасида ҳал қила олмагач, Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қонуний ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.

Албатта, ушбу ҳолатда ҳам, мурожаатни ўрганилиши жараёнида мутахассислар томонидан сотувчига қонун талаблари ва уларни бажарилмаслиги натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан берилган тушунтиришлар самарасиз кетмади. Ўрганиш ишлари истеъмолчига сотилган нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштирилиши билан якун топди.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin