Юксак эҳтиром намунаси
Учкўприк тумани Чек ва Дона қишлоқларида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Турғунбой ота Бўтаев ва Содиқжон ота Мамаюсупов мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун.
Бугун эрк ва тинчлик учун кўрсатган жасорати муносиб қадр топаётган, давлатимизнинг доимий эҳтиромини ҳис этиб турган отахонларнинг кўзларида шукроналик ва миннатдорчилик ёлқинлари акс этган. Улар истиқомат қилаётган файзли хонадон ҳар галгидан-да гавжум.
Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари ҳам 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Турғунбой ота ва Содиқжон ота хонадонига ташриф буюришиб, улар ҳолидан хабар олишди.
– Бугунги дориломон кунларни кўриш насиб этгани учун Яратганга беадад шукр,–дейди Турғунбой ота. Инсон қадри улуғланган юртимиз тинч, ҳаётимиз ҳамиша фаровон бўлсин!
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганининг далолатидир. Таъкидлаш лозимки, бундай эътибор, шубҳасиз, нуронийларимизга қўшимча рағбат ва катта руҳий мадад бўлади.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк туман жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
Отправить комментарий