Ёзма равишда тузилган шартнома шартларига эътиборсиз бўлмайлик

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган «Аввал» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи К.Н. ўзи ва кредит савдо дўкони ўртасидаги шартнома билан боғлиқ тушунмовчилик ҳолатига аниқлик киритилиб, масалани ижобий ечим топишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у қиш ойларида шаҳардаги Техномарт кредит савдо дўконидан 2 дона электр иситиш жихози (обогреватель)ни товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосидаги шартномага кўра 4 млн 418 минг сўмга харид қилади. Лекин хонадонига келтириб 3 кун давомида фойдаланишлари жараёнида иситиш жихози хонани талаб даражасида иситмагач, истеъмолчининг турмуш ўртоғи томонидан товар дўконга қайтариб олиб келиб топширилади. Сотувчи томонидан товар қабул қилиниб, олиб қолинади. Шунингдек, истеъмолчи шу воқеалардан кейин савдо дўконидан унга телефон қилишганини, шартнома бекор қилинишини айтганликларини ҳам қўшимча қилди.

Лекин орадан яна маълум вақт ўтиб унинг банк пластик картасидан пул ечилади. Сўраб-суриштирса савдо дўконида унинг номига 1 дона мини печ ва 1 дона чанг ютгичга, қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида шартнома расмийлаштирилганлиги маълум бўлади. Шундан сўнг шаҳар жамиятига ушбу масалага аниқлик киритилиб берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида савдо дўкони раҳбари номига амалдаги қонуннинг 8-моддаси (сотувчи томонидан истеъмолчига товар топширилмаган) ва 21-моддаси (кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинмайди) талаблари асосида сўров хати киритилди. Сотувчидан эса шаҳар жамияти сўров хати ўрганиб чиқилганлиги, ўрганиш натижаларига кўра 05.02.2023 йил кунидаги 10УТ-000750-сонли шартнома бекор қилинганлиги ҳамда банк пластик картасидан ечилган пул маблағини истеъмолчига қайтарилиши бўйича расмий жавоб хати келиб тушди. Ўрганиш ишлари якунлари бўйича истеъмолчига мурожаати юзасидан амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар бўйича расмий жавоб хати юборилди.

Шу ўринда, ҳурматли истеъмолчиларимиздан, товарлар сотиб олиш, хизматлардан фойдаланиш ва бошқа шу каби ҳолатларда улар ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасида тузиладиган, тузилган ҳамда уларнинг имзолари билан тасдиқланган ёзма шартномалардаги мазкур шартномани бекор қилинишига олиб келувчи ҳолатлар, шартномани бир (ёки икки) томонлама бекор қилиш тартибларини ўзида акс эттирган бандларига (бўлимига) алоҳида эътибор қаратишларини сўраб қолар эдик. Зеро, ёзма шартнома имзолар қўйилиши билан кучга кирган экан, шу шартнома матнига киритилган талаблардан келиб чиқиб, тегишли тартибдаги ҳаракатлар (расмий ёзишмалар ва ҳ.к.) амалга оширилмаса бекор бўлмасдан кучда қолиши ва эртага турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Усмонжон Рузиев
Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси