Ижтимоий сўровнома натижалари нимани кўрсатмоқда?
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги «Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислохотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаолиятини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини химоя қилишда жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш, мамлакатимиз ички бозорларида сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатда бўлишини ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини таъминланиши холатларини ўрганиш мақсадида вилоят аҳолиси ўртасида истеъмолчиларнинг ички бозорларда аввал истеъмолда бўлган товарлар (б/у, секонд-хенд) сотилишига бўлган муносабатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва сўровнома натижалари юзасидан тегишли идораларга таклифлар киритиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказилди.
Сўровномада жами 1800 нафар респондент (истеъмолчи)лар иштирок этди. Иштирокчиларнинг 50,2 фоизини эркаклар, 49,8 фоизини эса аёллар ташкил қилди. Сўровномада қатнашганларнинг 27 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 40,7 фоизини 31 ёшдан 45 ёшгача бўлган аҳоли вакиллари, 22,4 фоизини 46-60 ёш оралиғидаги эркаклар ва 46-55 ёшдаги аёллар, шунингдек 9,8 фоизини пенсия ёшидаги аҳоли (эркаклар 61 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) ташкил қилди (1-диаграмма).
Маълумки, бирор-бир ҳолат юзасидан аҳолининг фикри ўрганилаётганда, авваламбор ана шу сўров ўтказилаётган объект (ёки субъект) ҳақида респондентнинг тушунчаси борми ёки йўқлиги ҳақида қизиқиб кўрилади. Шу мақсадда респондентлардан “Хориждан келтирилувчи, аввал истеъмолда бўлган товар (секонд-хенд) ҳақида тасаввурга эгамисиз?” деб сўралди. Сўровнома респондентларнинг аксарияти (58 фоизи) хориждан кириб келувчи товарлар деганда, асосан янги (аввал истеъмолда бўлмаган) товарларни тасаввур қилиши, шундай товарлар ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга эмаслигини кўрсатиб берди. Саволларга жавоблар эса қуйидаги диаграммада ўз аксини топган (2-диаграмма):
Сўровноманинг “Хориждан келтирилувчи, аввал истеъмолда бўлган текстил ва енгил саноат маҳсулотлари, яъни секонд-хенд (кийим кечак ва бошқалар), ишлатилиб, кейин қайта тикланган (Б/У) маиший техника буюмлари ва бошқа шу каби товарларга муносабатингиз қандай? Сиз сотиб оласизми?”, деган саволига сўралганларнинг 29,0 фоизи ҳа, сотиб оламан, 55,7 фоизи йўқ, сотиб олмайман, 15,2 фоизи бирор нарса дея олмайман деган жавобни берган (3-диаграмма).
Маълумки, ҳар хориждан товарлар келтириб сотиш қонунчиликнинг ўзига хос талаблари ва ўз тартиб-қоидалари бор. Лекин сўровнома натижалари аксарият аҳолининг (62 фоизи) айнан хориждан истеъмолда бўлган товарларни олиб келиб мамлакатимизда сотилиши бўйича амалдаги тартиб қоидалардан хабардор эмаслигини кўрсатиб берди. Иштирокчиларнинг 24,6 фоизи бу борадаги тартиб қоидалардан хабардорлигини билдирган бўлса, 14,1 фоизи бу борада бирор фикр билдира олмаслигини маълум қилган (4-диаграмма).
Респондентларга “Шундай товарларни мамлакатимизга олиб келиб сотилишига қандай қарайсиз?”, деган савол билан мурожаат қилинганда, уларнинг 44,3 фоизи қаршилигини билдирди. 39,0 фоизи респондент қаршилиги йўқлигини билдирган бўлса, 17,3 фоизи бирор нарса дея олмайман деган жавоб вариантини белгилаган (5-диаграмма).
Иштирокчиларга “Шу соҳани қўшимча номатив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солиниши керак деб ҳисоблайсизми?” деган савол билан қилинган мурожаатга, уларнинг 64,6 фоизи керак, 12,1 фоизи керак эмас, 23,3 фоизи эса бирор нарса дея олмайман деган вариантларни белгилаган (6-диаграмма).
Сўровнома натижаларидан, қуйидаги умумий хулосаларни чиқариш ўринлидир:
- “Хориждан келтирилувчи товарлар” дейилганда, аҳолининг аксарият қисми кўз ўнгида фақатгина янги (аввал истеъмолда бўлмаган) товарлар гавдаланади. Хориждан келтирилувчи товарлар ичида аввал истеъмолда бўлган товарларнинг ҳам бўлиши, бундай товарлар белгиланган тартиб-қоидалар асосида тегишли қайта ишлаш, дезинфекциялаш, таъмирлаб тиклаш каби босқичлардан ўтиб, сўнгра қайтадан сотувга чиқарилиши мумкинлиги ҳақида кўпчилик аҳолида маълумот (тасаввур) кам. Жамоатчиликнинг бу борадаги фикрини тўғри шакллантириш мақсадида хориждан келтирилувчи, аввал истеъмолда бўлган товарлар, уларни сотувга тайёрлаш жараёнлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали (асосан аҳолининг ўзбек тилида сўзлашувчи сегменти учун) ҳужжатли, илмий-оммабоп ва бошқа материллар берилиши керак.
- Аҳолининг аксарият қисми (56 фоизи) хориждан келтирилувчи аввал истеъмолда бўлган товарларни сотиб олмаслиги бўйича қатъий позициясини билдирмоқда. Шунинг билан биргаликда, уларнинг 15 фоизи иккиланувчилар (ёки қатъий позициясига эга бўлмаганлар)дан иборат. Аҳолининг мана шу қисми иккиланишининг асосий сабаби ҳам юқорида келтириб ўтилганидек, зарурий, тушунарли ва тўғри маълумотлар билан қуролланмаганлигидан, деб хулоса қилиш мумкин.
- Ўз навбатида аҳолининг аксарият қисми (76 фоизи, шуларнинг 62 фоизи умуман хабари йўқлар, 14 фоизи эса иккиланувчилар) хориждан аввал истеъмолда бўлган товарларни келтириб сотиш бўйича тартиб-қоидалар юзасидан зарурий маълумот (билим)га эга эмас. Маълумки, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида, истеъмолчига реализация қилинаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумотлар берилиши, аввал истеъмолда бўлган бўлса бу ҳақда истеъмолчига маълум қилиниши, унга сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш имконияти яратиб берилиши лозим. Шунингдек, амалдаги СанПиН талабларига кўра, аввал истеъмолда бўлган шахсий гигиена буюмлари, маиший кимё товарлари, инсон танаси билан тўғридан тўғри контакда бўладиган кийим кечаклар, янги туғилган чақалоқлар учун товарлар, ётоқхона чойшаби, ўйинчоқлар, бир марта фойдаланиладиган идишларнинг қайта сотилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Сўровнома натижалари аҳолининг бу борадаги тушунчалари етарли эмаслигини кўрсатиб турибди.
- Юқоридаги ҳолатлар бўйича тизимли асосда олиб бориладиган ишлар, мамлакатимизга бундай товарларни олиб келиб сотилиши керакми (39 фоиз респондент) ёки йўқлиги (44 фоиз респондент) ўртасида иккиланувчиларнинг (17 фоиз) қайси томонга оғишига ва бу борада жамоатчиликнинг ҳал қилувчи муносабати шаклланишига сабаб бўлади.
- Шунинг билан биргаликда, бугунги кун истеъмолчисининг асосий қисми (65 фоиз) хориждан келтирилувчи, аввал истеъмолда бўлган товарларни келтириш ва сотиш бўйича қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжат зарурлигини эътироф этганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Post Comment