Истеъмолчи салкам беш миллион сўм зарар кўришини олди олинди
Истеъмолчи Н.Машарипов Ёзевон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туманда савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркор И.Тошпўлатовга қарашли савдо дўкони хизматларидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, у жорий йилнинг 14 август кунида Ёзёвон Буюм бозорини айланиб, фарзандининг тўйи учун 4 800 000 (тўрт миллион саккиз юз минг) сўмлик мебеллар тўпламини танлайди. Сотувчига мебелнинг пулини тўлиқ олдиндан бериб, манзилга етказиб бериш бўйича келишувга эришади. Лекин орадан икки кун ўтиб хонадонига келтирилган мебелларнинг бошқа рангда ва сифати пастроқлигини кўрган Н.Машарипов бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиб, улар танлаган мебелни юбориш, бўлмаса пулини қайтариш талабини қўяди. Лекин сотувчи алмаштириб бермаслигини айтгач, ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши сўраб туман жамиятига мурожаат қилади.
Истеъмолчи мурожаати туман жамиятида тегишли тартибда расмийлаштирилгач, мурожаатни ўрганиш ишлари доирасида сотувчи билан учрашилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчининг товарларни эркин танлаш ҳуқуқи ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, сотувчининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида истеъмолчига етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши шартлиги, сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларни бажармаган бўлса, истеъмолчида шартномани бекор қилиш бўйича ҳуқуқлар вужудга келиши каби ҳолатлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчи истеъмолчидан унинг норозилигини келтириб чиқарган мебеллар тўпламини қайтариб олиб, олди-сотди амалга оширилган куни танланган сифатли мебеллар тўпламига алмаштириб берди.
Шерзод Шокиржонов
Ёзёвон тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment