Салқинлантирувчи ичимликлар савдоси қай аҳволда?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг «Жамоатчилик мониторинги ўтказиш тўғрисида»ги буйруғи билан унинг ҳудудий ижро этувчи органлари зиммасига ҳудудлардаги дўконлар, йўллар ёқаси, турли кўнгилочар ва дам олиш масканлари атрофида кўчма савдо билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан салқин ичимлик маҳсулотларини реализация қилишда, ушбу маҳсулот турини реализация қилиш учун тегишли рухсат берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, сотилаётган маҳсулотнинг сифат назорати ва санитария-гигиена талаблари, шунингдек чакана савдо қоидаларига мувофиқлиги юзасидан жамоатчилик назорати тартибида жамоатчилик мониторинги (кузатув-ўрганиши)ни ўтказиш вазифаси юклатилган.

Белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудлардаги бошқармалари билан ҳамкорликда мазкур кузатув-ўрганиш ишлари ўтказиб борилмоқда.

Маълумки, амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» қонуннинг 4-моддасида истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, истеъмолчилар товар ҳақида, шунингдек, унинг ишлаб чиқарувчиси (сотувчиси) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товарларни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, товарларнинг хавфсиз бўлиши каби ҳуқуқларга эгадирлар. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи)лар эса истеъмолчиларнинг ана шу ҳуқуқларини таъминлаб беришлари шарт. Шунинг билан биргаликда, қонуннинг 12-моддасига кўра, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шу нуқтаи назардан, Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда вилоят санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъулларидан иборат Ишчи гуруҳи ҳудуддаги дўконлар, йўллар ёқаси, турли кўнгилочар ва дам олиш масканлари атрофида салқинлантирувчи ичимликларни сотишда қонуннинг амалдаги талабларига қай даражада риоя этилаётганлиги ҳолатларини ўрганиш ишларини олиб бормоқда, шунинг баробарида, сотувчиларга амалдаги тартиб-қоидалар тўғрисида ҳам атрофлича тушунтиришлар бериб бормоқда.

Асосий мақсад, истеъмолчиларга тўғри танлов учун шароит яратиб бериш, бутун дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида аҳоли ва хизмат кўрсатувчиларнинг огоҳлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида турли юқумли касалликлар тарқалишини олдини олишга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати