Қарздорлик қаердан келди-ю, қаерга кетди – 2

Қарздорлик қаердан келди-ю, қаерга кетди – 2

Яқинда “Бир миллион тўрт юз саксон минг сўм қарздорлик қаердан келдию, қаерга кетди?” деб номланган мақола берган эдик. Қуйида сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақолани ҳам худди шундай номланса бўлади. Бундай дейишимизни сабабини эса қуйидагиларни ўқигач билиб оласиз.

 

Олтиариқ туман Полосон МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро А.Жалолов туман жамиятига ариза билан мурожаат этган. Фуқаро мурожаатида қуйидагиларни баён қилади:

-Менинг хонадоним газлаштирилган. Фойдаланилган табиий газ учун тўловларни доимий амалга ошириб келаман. 2017 йилнинг декабр ойида хонадонимдаги мавжуд газ ҳисоблагич ускуна (ГҲУ)ни давлат қиёслов кўригидан ўтказиш жараёнида табиий газ учун тўловларимни ва ишлатилган газ сарфини туман газ идораси ходими А.Қобулов билан қайта ҳисоб-китоб қилганимизда, амалга ошириб қўйган тўловларим 16000 м3 гача етишлиги маълум бўлган ва бу ҳақда у тўлов дафтарчамга ҳам ёзиб қўйганди. Бироқ туман МИБ томонидан қарздорлик тўғрисидаги талабнома келди. Талабномада мени хонадонимда фойдаланган табиий газ учун 382 000 (уч юз саксон икки минг) сўм қарздорлигим кўрсатилганди. Дарҳол туман МИБга бордим, лекин у ердагилар қарздор эканлигимни билдиришиб, туман газ идорасига боришлигимни айтишди. Бироқ туман газ идорасида ҳам шу ҳолатни кўргач, мени хуқуқларимни ҳимоя қилишни сўраб тўғри сизларнинг жамиятингизга келдим. Ушбу мурожаатимни холисона кўриб чиқишингизни ва бузилган ҳуқуқларимни тикланишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Шундан сўнг туман жамияти ходимлари томонидан истеъмолчи мурожаати белгиланган тартиблар асосида расмийлаштирилиб, ўрганишга қабул қилинди. Ўрганиш жараёнида эса қуйидагилар маълум бўлди.

Истеъмолчи А.Жалоловни хонадонида ўтказилган ўрганишлар давомида табиий газ сарфини ҳисоблаб бориш учун G-6 русумли ГҲУ ўрнатилганлиги, ГҲУнинг муҳрлари жойидалиги, ускуна ишчи ҳолатдалиги ҳамда кўрсаткичи 11559 м3 кўрсатиб турганлиги қайд қилинди. Истеъмолчи томонидан амалга оширилган тўловлар тўлов қоғозлари асосида қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ГҲУнинг 16000 м3 кўрсаткичига қадар амалга ошириб қўйилганлиги кузатилди. Ҳақли савол туғилади, унда нега истеъмолчининг 382 000 (уч юз саксон икки минг) сўмга қарздорлиги даъво қилинмоқда?

Ушбу саволларга аниқлик киритилиши, истеъмолчи мурожаатини ўрганишда аниқланган ҳолатларни бартараф этилиши чораларини кўрилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб МИБнинг Фарғона вилоят бошқармасига алоқа хати билан мурожаат қилинди. Қарангки, алоқа хати юборилгандан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмасдан идорамизга кириб келган А.Жалолов юзида кулгу билан “Сизларга каттадан-катта раҳмат, сизларни аралашувингиз билан мурожаатим ижобий ҳал этилди, ҳуқуқларим қайта тиклаб берилиб, ҳисоблагичнинг 16000 м3 кўрсаткичига қадар ҳақдорлигим исботини топди”, – деб миннатдорчилик изхор қилди.

Хулоса эса сиздан.

О.Холматов

Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

 

(юқорида иллюстратив фото)

Post Comment