Ижрочи ва сотувчи ўз мажбуриятларини тўлиқ адо этишди
Ёзёвон туманида яшовчи Қ.Юлдашев Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига ёзма мурожаат билан чиқиб, ҳудудда якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган С.М.Б томонидан кўрсатилган сервис хизматларидан норозилигини билдирган.
Мурожаатни ўрганиш давомида, истеъмолчи хизмат кўрсатувчига ҳавосовутгични таъмирлаш учун берганлиги, уста ҳавосовутгичга янги матор ўрнатиб ишлатиб берганлиги ҳамда кўрсатилган хизмат учун 80 000 (саксон минг) сўм пул олганлиги маълум бўлди. Шу воқеадан уч-тўрт кун ўтиб, истеъмолчи яна ўрнатиб берилган мотор сифатсиз чиқиб, маиший техника ишламай қолганлиги боисидан устахонага мурожаат қилган. Уста эса яна янги мотор қўйиши кераклигини, бунинг учун 65000 (олтмиш беш минг) тўлаши кераклигини айтган.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли. Демак, юқоридаги ҳолатда уста томонидан мотор ўрнатиб берилгач, у ҳеч қанча ишламасдан бузилиб қолиши ортидан, истеъмолчи талаби билан нуқсонларни бепул бартараф этилиши чоралари кўрилиши керак эди. Яъни ўрнатилган мотор бепул таъмирланиши, бунинг иложи бўлмаган тақдирда эса бошқа мотор ўрнатиб берилиб, бунинг учун пул талаб қилинмаслиги керак эди.
Шу туманда яшовчи яна бир истеъмолчи М.Усмонованинг мурожаати ҳам амалдаги қонунлар талаблари асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида истеъмолчи август ойининг ўрталарида туман марказидаги якка тартибдаги тадбиркор Н.Ғ. га қарашли савдо дўконидан ўз эҳтиёжлари учун ҳар бир қопи 45 кг дан икки қоп унни 192 минг сўмга сотиб олган. Лекин унни уйига олиб келгач, маҳсулоти нам жойда туриб қолиши ва нам тортиши натижасида ёқимсиз ҳид ўрнашиб қолганлигини сезган.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Шунингдек, қонуннинг 12-моддасига асосан, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Демак, ушбу ҳолатда истеъмолчи ўз мажбуриятини тўлиқ адо қилиб, шартлашилган пулни тўлиқ тўлаган бўлсада, сотувчи томонидан мақбул сифатда бўлмаган маҳсулот сотилиши ҳолатига йўл қўйилган. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, сотувчи мақбул сифатда бўлмаган товарни истеъмолчига сотиши билан қонуннинг 12-моддаси талабларини бузилишига ҳам йўл қўйган.
Туман жамияти ходимлари томонидан ҳар икки мурожаат бўйича ижрочи ва сотувчига ўзлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Натижада истеъмолчи Қ.Юлдашевнинг ҳавосовутгичи мотори бепул таъмирлаб берилишига, истеъмолчи М.Усмоновага эса сотиб олинган сифатсиз маҳсулотни мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишига эришилди.
Шерзод Шокиржонов
Ёзевон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment