Тармоққа янги уланадиган якка тартибдаги уй-жойлар ва кўп квартирали хонадонларда электр ҳисоблагич кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.У.нинг янги қуриб битказилаётган хонадонига электр энергиясини ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш борасида юзага келаётган муаммо билан боғлиқ бўлган, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилинган мурожаати ўрганилди.
Мурожаати ўрганилиши жараёнида истеъмолчи якка тартибдаги уй-жойини қуриб битказаётганлиги, ҳозирда пардозлаш ишлари якунига етаётганлиги, туман электр таъминоти корхонасига электр ҳисоблагич ўрнатиб бериш бўйича мурожаат қилганида улар томонидан корхона базасида замонавий электр ҳисоблагич тугаб қолганлиги сабабли ҳисоблагични ўз маблағи ҳисобидан сотиб олиб, ўрнатиб туриш юзасидан маслаҳат берилганлигини қўшимча қилиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2024 йилдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 65-бандига кўра, маиший истеъмолчиларда ўрнатилган ҳисоблагичларни сотиб олиш (электр тармоқларига янги уланадиган якка тартибдаги уй-жойлар ва кўп квартирали уйлардаги хонадонлар), ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий қиёсловдан ўтказиш ва пломбалаш, шунингдек, мавжуд (жумладан, ЭҲНАТга мос келмайдиган) ҳисоблагичларни алмаштириш ҳудудйи электр тармоқлари корхоналари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, ҳисоблагич якка тартибдаги уй-жойлар ёки кўп квартирали уйлардаги хонадон эгасининг буюртманомасига биноан бир ҳафта муддатда унинг иштирокида ҲЭТК ходими томонидан ўрнатилиши белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, туман жамияти мутахассислари томонидан электр таъминоти корхонаси масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, истеъмолчи муаммосини ҳал этиб берилиши бўйича сўров хати киритилди. Натижада, ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи хонадонига замонавий русумдаги электр ҳисоблагич ўрнатилиши ва истеъмолчи муаммосини ҳал этилишига эришилди.
Адхамжон Хамидов,
туман жамияти раиси.
Post Comment