Онлайн савдо воситасида харид қилинган мобил қурилма нуқсонлари сабаб сотувчига қайтарилди

Онлайн савдо воситасида харид қилинган мобил қурилма нуқсонлари сабаб сотувчига қайтарилди

Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида яшовчи А.Х.нинг фойдаланишда бўлган ва кафолат хати билан 3 574 000 сўмга онлайн савдо усулида харид қилинган мобил телефон билан боғлиқ эътирозларини билдириб, Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчига кўра, iPhone 11 Pro русумидаги мобил қурилма кафолат хати билан, онлайн савдо воситасида, Марғилон шаҳрида фаолият юритиб келаётган “House mobile” савдо дўконидан харид қилинган ва BTS почта оператори ёрдамида истеъмолчига етказилган. Истеъмолчи етказиб берилган товардан фойдаланиб кўриши жараёнида телефоннинг динамиги яхши ишламаган, шунингдек қувватини ортиқча тез сарф бўлиш ҳолати кузатилган. Сотувчига боғланиб бу борада билдирилган эътирозларидан натижа чиқара олмагач, Федерация ишонч телефонига мурожаат қилиб, муаммони ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 6-моддасига кўра, сотувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 14-бандига кўра, агар харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида маълумот берилиши керак.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчига қонуннинг мазкур талаблари юзасидан тушунтиришлар олиб борилгандан сўнг сотувчи томони шартномани бекор қилиш ва нуқсонли эканлиги даъво қилинган товарни қайтариб олиб, истеъмолчига тўлаган пулини қайтаришга қарор қилди. Ўрганиш ишлари эса истеъмолчининг банк картасига пулларини қайтарилиши билан якун топди.

Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment