Буюртмадаги камчиликлар бартараф қилинди
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Сой-бўйи кўчасида истиқомат қилувчи Г.Ш.нинг хонадонига ўрнатиш учун 12 000 000 сўмга буюртма қилинган дарвозанинг ўлчами буюртмадаги ўлчамдан фарқ қилиши, натижада дарвозани хонадонга ўрнатишнинг имкони бўлмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, буюртмани ижрочиси Марғилон шаҳрида фаолият олиб борувчи тадбиркор бўлиб, унга ўрнатиладиган дарвоза ва унинг ўлчамлари тақдим қилинган. Лекин буюртма тайёр бўлганида келтирилган дарвоза ўлчамларида фарқ чиққан. Муаммони ўз кучи билан бартараф қила олмаган истеъмолчи Қувасой шаҳар ажмиятига бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат ўрганилиши давомида истеъмолчи томонидан келтирилган важларга ишонч ҳосил қилиш мақсадида жойига бориб ҳолат билан танишилди. Шундан сўнг буюртма ижрочиси билан боғланилиб, унга юзага келган ҳолат бўйича истеъмолчи эътирозлари ва бу борадаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Ижрочи томони қонунчилик талабларини тўғри англаб етгани ҳолда, буюртмани тайёрлаш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни тузатиб, истеъмолчи муаммосини бартараф қилиб берди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment