Қўшниларимдаги қарздорлик сабаб мени ҳам тармоқдан узиб қўйишлари тўғрими?

Қўшниларимдаги қарздорлик сабаб мени ҳам тармоқдан узиб қўйишлари тўғрими?

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Ҳамид Олимжон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.Ш.нинг ичимлик суви тўловларидан қарздорлиги бўлмасада, қўни-қўшнилардаги қарздорлик сабабидан маҳаллани тармоқдан вақтинча узиб қўйилгани тўғрисида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Шаҳар жамияти томонидан ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида “Фарғона сув таъминоти” АЖ Қувасой шаҳар филиалига сўров хати киритилди. Ичимлик сув таъминоти корхонасидан олинган жавоб хатида маълум қилинишича, мурожаат эгасида қарздорлик бўлмасада, маҳалланинг Сарбозор кўчасида яшовчи хонадонларда қарздорлик ошиб кетганлиги сабабли, мазкур қарздорликларни кескин камайтириш ва аҳолида тўлов маданиятини ривожлантириш мақсадида, маҳалла еттилиги билан келишиб, ичимлик суви тармоқдан вақтинча узилган ва тўловлар амалга оширилгандан сўнг тармоққа қайта улаб берилиб, ичимлик суви узлуксиз етказиб берилмоқда.

Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи муаммоси бартараф этилган бўлсада, келгусида ушбу йўналишда тушунмовчиликлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида ичимлик суви таъминоти корхонасига қуйидагиларни эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.

Биринчидан, ичимлик суви таъминоти корхонаси етказиб бериш шартномасини маҳалла (ёки маҳалла еттилиги) билан эмас, балки якка тартибда, тўғридан тўғри шу маҳаллада истиқомат қилувчи истеъмолчи билан имзолаган. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, шартномага кўра ижрочи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Юқорида юзага келган ҳолатда, истеъмолчи М.Ш.да қарздорлик мавжуд эмас ва бу унинг шартномага кўра ўз зиммасига олган мажбуриятини бажараётганлигини, шартноманинг иккинчи томони (ичимлик сув таъминоти корхонаси) эса муайян вақт бўлсада ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаганлигини кўрсатади.

Иккинчидан, қонуннинг 19-моддасига кўра, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Бу эса, ижрочига турли форс мажор ҳолатлари (турли авариялар, табиий офатлар ва б.), шунингдек тармоқда режали асосда амалга ошириладиган ишлар (таъмирлаш ва б.)дан ташқари ҳолатларда шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда хизмат кўрсатилиши (ишлар бажарилиши)ни шарт қилиб қўяди. Қонунинг мазкур моддаси талабларини бажарилмаслиги эса, истеъмолчида ижрочи томонидан неустойка (пеня) ундириб олиш ҳуқуқини ҳам вужудга келтиради.

Қонуннинг 23-моддасига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган бўлиб, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчи қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin