Газ баллонини ўз вақтида етказиб берилиши – истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи

Газ баллонини ўз вақтида етказиб берилиши – истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи

Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш кундалик ҳаётда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, газ таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш зарур эҳтиёж ҳисобланади. Бироқ айрим ҳолларда газ баллонлари кечикиб етказилиши натижасида истеъмолчилар ҳақли равишда норозилик билдирадилар.

Қўштепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро А. П. ҳам суюлтирилган газ баллонини ўз вақтида ололмагани сабабли Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан ўрганиш олиб борилганда, ҳудудий газ таъминоти ташкилотида пропан газ маҳсулоти етарли миқдорда мавжуд эмаслиги сабабли газ баллонларини етказиб беришда кечикишлар юзага келаётгани аниқланган.

Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида Қўштепа туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада техник ва ташкилий масалалар ҳал этилиб, фуқаро А. П. шу куннинг ўзида суюлтирилган газ баллони етказиб берилган ҳамда мурожаат ижобий ҳал этилган.

Шунингдек, Қўштепа туманининг Кичик Бешкапа МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ҳам суюлтирилган газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмаётганидан норозилик билдириб, ёзма равишда мурожаат қилганлар. Ўрганиш давомида мурожаат асосли экани аниқланиб, туман газ таъминоти бўлими билан ҳамкорликда аҳолини газ баллонлари билан таъминлаш ишлари ташкил этилган. Натижада мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоси бартараф этилган ва газ баллонлари маҳаллага етказиб берилган.

Мазкур ҳолатлар истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билиши ва муаммо юзага келганда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши муҳимлигини яна бир бор кўрсатади. Чунки истеъмолчининг мурожаати кўпинча муаммони тезкор ҳал этиш, масъул ташкилотлар фаолиятини яхшилаш ҳамда хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, истеъмолчи сифатли хизмат олиш, ўз манфаатлари бузилган тақдирда эса мурожаат қилиш ва зарарнинг бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шу боис, агар сиз ҳам коммунал хизматлар, жумладан суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз, муаммони жим кузатиб турмасдан, тегишли идоралар ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқдир.

Унутманг, мурожаат қилиш — ҳуқуқингизни ҳимоя қилишнинг энг самарали воситаларидан биридир.

Post Comment