Телефондаги носозлик сервис маркази воситасида бартараф этилди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Сўкчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Л.И.нинг товар шартнома қийматини бўлиб тўлаш шартлари билан харид қилган телефон аппаратида аниқланган нуқсонни бартараф этилишида, бунинг имкони бўлмаган ҳолда янгисига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, истеъмолчи Самсунг А-56 русумли телефон аппаратини 30.05.2025 йил куни туман марказидаги “Гарант” кредит савдо дўконидан 9 930 630 сўмга, қийматини бир йил давомида бўлиб тўлаш шарти асосида харид қилган. Аммо телефон аппаратида орадан беш кун вақт ўтиб қизиб кетиш ҳолати кузатилган. Шу куннинг ўзидаёқ истеъмолчи савдо дўконига мурожаат қилиб телефондаги носозликни сервис маркази орқали бепул бартараф этиш ёки бошқасига алмаштириб беришларини сўраган. Томонлар ўртасидаги музокара истеъмолчи талабини қаноатлантирилиши билан якун топмагач, у мазкур масалада Тошлоқ туман жамиятига мурожаат қилиб, масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Туман жамияти ушбу ҳолат юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан юзага келган ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқлари ва сотувчи мажбуриятларини ўзида акс эттирган, даъво талабномаси шаклидаги хатни сотувчига киритди. Унинг асосида нусонлари мавжудлиги даъво қилинган мобил қурилма сотувчи томонидан сервис марказига юборилиб, мутахассислар текширувидан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра телефон аппаратида нуқсон мавжудлиги хусусидаги хулосага келиниб, истеъмолчининг розилиги асосида нуқсонларни бепул бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Ўрганиш якунлари билан телефон аппарати соз ҳолатда истеъмолчи қўлига топширилди.
Шохистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment