БРИФИНГ || Риштон туман ИҲҲҚ жамияти фаолияти юзасидан
Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси медиа тадбирлар режаси асосида “Риштон тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига аҳоли (истеъмолчилар)дан келиб тушаётган мурожаатлар ва уларни ўрганиш натижалари” юзасидан брифинг ўтказилди.
Брифинг спикери: Риштон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Аброржон Собиров.
Риштон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ўз фаолиятини Федерация Устави, юқори турувчи ташкилотларнинг топшириқлари ҳамда туман жамиятининг 2025 йил асосий фаолият йўналишлари режаси, шунингдек ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда имзоланган Меморандумлар, дастурлар ва чора-тадбирлар режалари асосида амалга ошириб келмоқда.
Фаолиятимизни самарали амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва соҳага оид бошқа қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фаолиятимизни янада самарали олиб боришимизда бизга катта куч ва кўмак берганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Асосий фаолият йўналишларимиздан бири истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш экан, бу биринчи навбатда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини, шунингдек соҳага оид қонунчилик асосларини аҳолининг кенг қатламлари онгига етказишдан иборатдир. Ушбу мақсадларда ўтган 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида туман жамияти томонидан 42 та оғзаки тарғибот шаклидаги ва 94 та ёзма тарғибот шаклидаги тадбирларни ташкилладик. Бу эса аҳолининг кенг қатламларига истеъмол соҳасига оид ҳуқуқлари бузилганда ўз ҳуқуқларини мустақил, давлат ва суд идоралари ёрдамида, шунингдек истеъмолчилариннг жамоат бирлашмалари кўмагида ҳимоя қилиниши ҳақида зарурий билим ва кўникмаларни шаклланишига хизмат қилмоқда.
Фаолиятимиз давомида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминланишида, аҳоли (истеъмолчилар)нинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши йўлида мамлакатимизнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни билан ҳам яқиндан ишлашимизни тақозо қилади.
Ўтган ўтган даврда жамиятимизга истеъмолчилар томонидан 68 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 12 таси Федерация ишонч телефони ва телеграм боти орқали, 4 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари орқали келиб тушган бўлса, қолган 52 та мурожаат туман жамиятимизга ёзма ва оғзаки тарзда тўғридан тўғри келиб тушган мурожаатлардан иборат бўлган.
Мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижалари билан истеъмолчилар фойдасига 51 млн 253 минг 373 сўм, шундан жорий йилнинг ўзида 27 млн 103 минг 523 сўм маблағлар ҳал этиб берилди.
Келиб тушган мурожаатларни таркибига қаралса, уларнинг 11 таси оғзаки, 39 таси ёзма, 2 таси электрон шаклда келиб тушганлиги, соҳалар кесимида кўрилганда, энг кўпи, яъни 48,4 фоизи савдо соҳасига тўғри келганлиги, 25,8 фоизи эса электр ва газ таъминоти масалаларига, 16 фоизи коммунал хизмат кўрсатиш (ва сервис) соҳасига, 9,8 фоизи сув таъминоти ҳамда чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари соҳаларига тўғри келганлиги маълум бўлади.
Юқоридагиларга яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, туман жамияти қошида ташкил этилган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали ҳам аҳоли вакилларимизга бепул ҳуқуқий маслаҳат ва ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ўтган даврда ушбу маслаҳатхона орқали 68 нафар фуқароларга савдо, электр, газ, сув таъминоти, транспорт, алоқа (интернет), коммунал хўжалик ва бошқа соҳалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Шунинг билан биргаликда, туман жамияти томонидан федерация ҳамда ҳудудий бирлашма топшириқлари асосида, ички бозорда сотилаётган истеъмол товар (иш, хизмат)лари сифати ва хавфсизлигини амалдаги қонунчилик талабларига мос келиши юзасидан 2024 йилда 18 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 16 та жамоатчилик назорати тартибидаги кузатув (ўрганув)лар ҳам ўтказилиб, ўрганиш якунлари бўйича юқори турувчи идораларга тегишли маълумотномалар киритилди.
Туман жамияти мутахассислари томонидан ҳудуд аҳолисининг истеъмолчилик соҳасига оид билимларини ва истеъмол маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назорати тадбирларини олиб бориш ишлари тизимли асосда давом эттирилмоқда.
Post Comment