Узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим

Узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим

Баъзида товарлар олди-сотдиси жараёнларида, хусусан узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар савдосида айрим сотувчилардан “Ушбу товарга кафолат муддати белгиланмаган, ҳоҳласангиз оласиз, бўлмаса йўқда” қабилидаги совуқ муомалани ва ҳаттоки, “Товарнинг кафолати муддати мени олдимдан узоқлашишингиз билан тугайди”, қабилидаги кинояомуз сўзларни ҳам эшитиб қоламиз. Бундай муомалага дуч келган ва бу борадаги қонунчиликдан яхши хабардор бўлмаган одам “Рекламалардаги шунча гап-сўз қаёққа кетди унда”, деб таажубланиши ёки “Сотиб олиб таваккал қилиб кўраманда”, деб товарни таваккалига сотиб олиши ҳам мумкин.

Мақола сарлавҳасига эътибор қилинг, биз бежизга уни шундай номламадик. Ушбу жумлалар мақолага чиройли ном қўйиш учун ўйлаб топилмаган, балки бу қонунчилик нормасидир. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни очиб кўриб, унинг 11-моддаси биринчи қисми шундай норма билан бошланганига ўзингиз ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Яна бир ҳолат. Афсуски, айрим сотувчилар харидорга мазкур товарга кафолат муддати белгиланмаган деб айтсам кейинчалик бўлиши мумкин бўлган бош оғриқларидан халос бўламан, деб ўйлайди ва адашади. Сабаби юқоридаги қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига сотилган товарда нуқсон аниқланса ва агар мазкур нуқсонлар кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида аниқланса, истеъмолчи бу борадаги қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олиши мумкинлиги ҳақидаги норма мавжуд.

Худди шундай ҳолатлардан бирига Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи Т.М.нинг мурожаатини ўрганиш жараёнида унга товар шартнома қийматини 12 ой давомида бўлиб тўлаш шартларида “Vodiy Bright Star” МЧЖ томонидан 16.07.2025 йил кунида сотилган кичик ҳажмдаги юкларни ташишга мўлжалланган мотороллерда юзага келган нуқсонни бепул бартараф этиб бериш юзасидан Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан киритилган сўров хатига ушбу МЧЖдан олинган жавоб хатида ҳам дуч келинди. Жумладан, хатда “…шартнома тузишда кафолат берилмаслиги тўлиқ тушунтирилган…”, “… айтган бўлишига қарамай ушбу маҳсулотни тегишли мутахассислар томонидан текшириб, нуқсони баратараф этиб берилганлигини маълум қиламиз.” каби жумлалар ҳам мавжудки, бу сотувчи томонининг қонун 13-моддаси нормаларидан бироз бехабарлигини кўрсатади.

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижалари билан истеъмолчи томонидан харид қилинган мотороллерда юзага келган нуқсон сотувчи томонидан бартараф этилиб, юзага келган ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқи таъминлаб берилган бўлсада, ушбу ҳолатдан бошқа сотувчилар ҳам ўзлари учун тўғри хулосаларни чиқариб оладилар, деб ўйлаймиз.

Хусниддин Латипов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin