Қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар алмаштирилмайди, лекин …
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 18-моддасига кўра, ноозиқ-овқат товарларни алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 13.03.2003 йилдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати” келтириб ўтилган. Айрим сотувчилар ўзлари томонидан сотилаётган товарлар шу рўйхатга киритилган бўлса, ҳар қандай ҳолатда биз сотилган товарни қайтариб олмаймиз, алмаштирмаймиз, деб ўйлашади. Аслида бундай эмас. Агар истеъмолчига нуқсонли товар сотилган бўлса, мазкур товар ушбу рўйхатда туриш турмаслигидан қатъий назар алмаштирилиши мумкин.
Ёзёвон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган У.М. ҳам худди шундай ҳолатлардан бирига дуч келган. Марғилон шаҳрида жойлашган “Ипакчи буюм бозори” ҳудудидан нархи 3 650 000 сўм бўлган тилла тақинчоқ харид қилиб, хонадонига келгач уни қизига совға қилганида тақинчоқда нуқсон борлиги аниқланади. Ушбу масалада сотувчига мурожаат қилинган ва у нуқсонларни бепул бартараф этиб бериш йўналишида саъй-ҳаракатларни амалга ошириган бўлсада, бу ишлар кутилган натижани бермаган.
Туман жамияти мутахассиси мурожаатни ўрганиш асносида сотувчи билан учрашиб, унга қонунчиликнинг юқорида келтириб ўтилган талаблари юзасидан тушунтиришлар берганидан сўнг, у сотилган товардаги нуқсонни бепул бартараф этиб бериш борасида қилган саъй-ҳаракатлари ҳақиқатан ҳам кутилган натижани бермаганлигини тан олиб, истеъмолчи талаби асосида уни худди шундай тилла тақинчоққа алмаштириб берди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
Post Comment