Истеъмолчи норози бўлган қарздорликка ойдинлик киритиб берилди
Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи О.П.нинг ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан унинг хонадонига ҳисобланган 1 700 000 сўмдан ортиқ қарздорликдан норози бўлиб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, хонадон тоза ичимлик сувини ташиб келтириб истеъмол қилгани ҳолда, ўз эҳтиёжи ва томорқа ер майдонларини суғоришда ер ости сувлари (качалка)дан фойдаланади. Ичимлик суви тўловлари учун сўнги марта жорий йилнинг июл ойида 345 000 сўм миқдоридаги тўловни амалга оширган.
Мурожаат асосида ичимлик суви таъминоти корхонасига сўров хати киритилиб, ўрганиш ишлари мазкур ташкилот масъуллари билан ҳамкорликда давом эттирилди. Ўрганиш давомида туман ичимлик суви таъминоти корхонаси мижозлар билан ишлаш шўъбасида истеъмолчи О.П. учун юритилган шахсий ҳисоб варағида ўрганиш куни ҳолатига 1 757 870 сўм қарз мажбурияти мавжудлиги, хонадон оила аъзолари сони 5 нафарлигидан келиб чиқиб, дастурга киритилган маълумотлар асосида кўча колонкасидан ташиб ичиш ҳисобидан ўзаро ҳисоб-китоблар олиб борилганлиги, дастур асосида ўзаро ҳисоб-китоблар йиғиндиси 2021-2025 йиллар кесимида ойма-ой таҳлил қилинганда 2021 йил сентябр ойи охирига қолдиқ сумма, яъни қарз мажбурияти 490 650 сўмни ташкил этганлиги ва мазкур қарз мажбурияти суммаси 2021 йилнинг октябр ойи ойлик истеъмол тўлов ҳисоби билан қўшиб ҳисоблаганда 976 725 сўмни, яъни техник хатолик билан ошиқча 476 075 сўмга тафовут билан базага киритилганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш ишлари якунлари билан, жорий йилнинг июл ойида тўланган 345 000 сўм, шунингдек базага ошиқча киритилган тафовут 476 075 сўм ҳамда фуқаро хонадони учун икки ой давомида етказиб берилмаган сув истеъмоли учун тўлов 52 433 сўмни чегириб ташлаган ҳолда, истеъмолчида мавжуд реал қарздорлик суммаси 528 508 сўмни ташкил этиши маълум бўлди ва унга мазкур қарздорлик суммасини бартараф этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шоирахон Насриддинова,
жамият мутахассиси.
Post Comment