Пенсионернинг пластик картасидан унинг рухсатисиз пул ечиб олиш ҳолатига чек қўйилди
Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра фуқароларнинг банк пластик карталаридаги маблағлари уларнинг шахсий мулки ҳисобланади ва қонун билан ҳимоя қилинади. Ҳеч бир шахс ёки ташкилот карта эгасининг розилигисиз ундан пул маблағларини ечиб олишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатлар молиявий ҳуқуқбузарлик саналиб, тегишли қонунчилик асосида жавобгарликка сабаб бўлади. Айниқса бундай ҳолатлар пенсионерларнинг пластик карталаридан, уларга бу борада тўлиқ тушунтиришлар бериб ёки бермасдан, ечиб олиниши кўринишида содир этилиши нафақат ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри саналади, балки юртимизда шаклланган қарияларга ҳурмат-эътибор тамойилларига ҳам хос эмас.
Шундай ҳолатлардан бири Ёзёвон тумани “Қорасоқол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи пенсионер М.Р. билан кузатилди ва унинг бу борадаги мурожаати туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Пенсионер отахон ўз аризасида анча йиллардан буён тумандаги “Ю.” дўконлар тармоғининг мижози ҳисобланиши, улардан бўлиб тўлаш шартларида олинган товарлар учун тўловларни доим муддатидан олдинроқ тўлаб қўйишга ҳаракат қилишини, лекин сўнгги вақтларда тўлов амалга оширилган бўлсада унинг пластик картасидан ҳам пул ечилиши ҳолатлари содир бўлаётганини баён қилиб, ушбу масалага қонуний чек қўйилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Туман жамияти муахассиси томонидан ўтказилган ўрганиш отахоннинг мурожаатида келтирилган важларнинг ўринли эканлигини кўрсатгач, дўкон масъуллари келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйилмаслиги юзасидан огоҳлантирилиб, пенсионер М.Р.нинг пластик картаси маълумотлари тўлов базасидан ўчирилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
Post Comment