Бир миллион сўмдан ортиқ қарздорлик суммаси бартараф қилинди

Бир миллион сўмдан ортиқ қарздорлик суммаси бартараф қилинди

“Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” (ВМ 15.07.2014 й №194-сон қарор)га кўра сув ўлчаш узели ичимлик сувини етказиб берувчи ташкилот томонидан пломбаланиши лозим бўлсада, айрим ҳолларда истеъмолчиларнинг ўрнатилган ҳисоблагичларга пломба ўрнатиб бериш борасидаги мурожаатларини вақтида қаноатлантирмаслик ҳолатлари учраб турибди. Албатта, кўпчилик ҳолларда истеъмолчилар бундай масалаларда таъминотчи ташкилотга қўнғироқ қилиб буюртма қолдирадилар ёки ҳудуд назоратчисига бу борада оғзаки шаклда мурожаат қиладилар. Шу ўринда кимдадир, нега улар ёзма равишда мурожаат қилмайдилар, шунда уларнинг мурожаати кўрмасдан қолдирилмасмиди, деган савол ҳам туғилиши мумкин. Тўғри, лекин қонунчиликка кўра, мурожаатлар уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эгалигини ҳам унутмаслик керак.

Бешариқ туманилик истеъмолчи С.У.нинг Федерация 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатида ҳам шундай ҳолатлардан бирига дуч келинди. Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан мурожаат ўрганилиши жараёнида С.У. хонадонига ўрнатилган сув ҳисоблагич ускунаси пломбаланмаганлигини ҳудуд назоратчилари билсада, ушбу ҳолатга эътиборсизлик билан қараб келганликларини, натижада у тўловларни амалга ошириб келаётган бўлсада, бугунги кун ҳолатига унинг зиммасига 1 200 000 сўм миқдорида қарздорлик юкланаётганлигини маълум қилади.

Ушбу масала юзасидан туман ичимлик сув таъминоти корхонасига сўров хати киритилиб, ўрганиш ишлари олиб бориш жараёнида истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига тегишли ҳисоб-китоблар киритилиши, қайта ҳисоб-китоб ишлари олиб борилиши натижасида истеъмолчида қарздорлик эмас, аксинча 67 073 сўм миқдорида олдиндан тўлов мавжудлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари доирасида сув ҳисоблагич пломбаланиб, томонларга амалдаги қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилди.

Шоирахон Насриддинова,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin