Электроскутерини рўйхатдан ўтказа олмаган истеъмолчи Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган
Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”да республика ҳудудида автомототранспорт воситаларини чакана сотиш хусусиятлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра сотилган автомототранспорт воситаси учун сотувчи харидорга қуйидагиларни бериши керак:
– сервис дафтарчаси,
– фойдаланиш бўйича амалий қўлланма,
– пул банк муассасаси орқали олинганлигини тасдиқловчи товар (касса) чеки ёки бошқа ҳужжат,
– автомототранспорт воситаси комплексига кирувчи анжомлар тўплами, агар бундай тўплам ишлаб чиқарувчи томонидан назарда тутилган бўлса,
– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи маълумотнома-счёт.
Тошкент вилояти Қибрай туманилик С.С. Қўқон шаҳридан И.И. исмли сотувчидан 1270 АҚШ долларига келишиб, 900 000 сўм етказиб бериш хизмати учун тўловни амалга ошириб харид қилган “Wasat motors” русумли юк ташишга мўлжалланган электр скутерини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларидан рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганида рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи маълумотнома-счёт ҳужжати йўқлиги маълум бўлган. У бу борада Федерация 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат ҳудудий тегишлилиги бўйича Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиб, сотувчи билан бу борада тушунтиришлар олиб борилди ҳамда маълумотнома-счет унинг томонидан тайёрлатилиб, истеъмолчига юборилди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.



Post Comment