Муддатида етказиб берилмаган мебел билан боғлиқ муаммо суд воситасида ҳал этилди
Истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини ўзларининг кундалик турмуш фаолиятлари давомидаги аҳамияти ва фойдасини тўғри англаб етган минглаб фуқароларимиз Федерация аъзолигига кирган ҳолда, унинг томонидан ўз аъзоларига кўрсатиладиган турли хизматлардан фойдаланиб келмоқдалар. Шундай хизматлардан бири Федерация аъзоларининг истеъмолчилик соҳасига оид ҳуқуқ ва манфаатларини судларда ҳимоя қилиш бўлиб, Марғилон шаҳар Болалар шифохонасида ташкилланган бошланғич ташкилот (таянч гуруҳи) фаоллари Федерация аъзоларидан ортиқча ҳаракат ва сарф-ҳаражатларни талаб қилмайдиган ушбу қулайликни яхши англаб олганлар.
Хуллас, мазкур ташкилотдаги Федерация таянч гуруҳи аъзоларидан бири ўзини мебел етказиб берувчи деб таништирган М.У. билан оғзаки келишув асосида 13 000 000 сўмга мебел сотиб олишга буюртма бериб, умумий суммадан 700 AҚШ долларига тенг қисмини олдиндан аванс тариқасида берган. Лекин пулни олган М.У. мебелни шартлашилган муддатда етказиб бермасдан пайсалга солиб келиши етмагандай, охирги пайтларда истеъмолчининг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйган.
Ушбу масалада таянч гуруҳидан келиб тушган маълумот ва истеъмолчи аризаси асосида шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш давомида масала ҳал бўлавермагач, истеъмолчи манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Ишни кўрилиши натижаларига кўра суд, жавобгар М.У. дан даъвогар фойдасига 8 605 500 сўм асосий қарз ва 41 200 сўм почта харажатлари, жами 8 646 700 сўм ундирилиши, 412 000 давлат ҳаражатларлари ҳам жавобгар ҳисобидан қопланиши юзасидан ҳал қилув қарори чиқарди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment