Тўлов шакли ва шартлари билан яхшилаб танишмасдан туриб шартнома имзоламанг

Тўлов шакли ва шартлари билан яхшилаб танишмасдан туриб шартнома имзоламанг

Кейинги вақтларда ўзларини қандайдир савдо ташкилотининг вакили сифатида таништириб, турли ташкилот ва идораларда, айниқса таълим ташкилотларида уларда меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимларга онлайн савдо платформаларини тарғиботини олиб борган ҳолда, уларнинг номига турли хилдаги маиший ҳамда уй-рўзғор буюмларини шартнома шартлари, тўлов графиклари билан тўлиқ таништирмасдан, товар ҳақида, шунингдек шикоятлар бўлганда уларни бериш тартиблари ҳақида етарли даражада тушунтиришлар бермасдан, бўлиб тўлаш шартларида расмийлаштириб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда. Учкўприк туманида кузатилган ҳолат ҳам шундай ҳолатлардан биридир.

Ўзларини Андижон вилоятида фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъекти вакиллари деб таништирган шахслар томонидан тумандаги таълим муассасаларидан бирида ишловчи ва улар реклама қилган товарлардан харид қилиш истагини билдирган ходимларнинг бир нечасини 2 та гуруҳга жамланиб, биринчи гуруҳдагиларнинг жами қиймати 11 200 000 сўмлик товарларини Ҳ.О. номига, иккинчи гуруҳдагиларнинг жами қиймати 8 859 471 сўмлик товарларини эса Н.А. номига расмийлаштирилган ва маиший техника ва уй-рўзғор буюмларини шартнома қиймати 2 йил давомида бўлиб тўланиши, ҳар ойлик тўлов суммаси эса 144 500 сўмдан бўлишига келишилиб, онлайн савдо платформасига киритилган. Лекин орадан муайян вақт ўтиб, биринчи тўлов амалга ошириш кунида ойлик тўлов суммаси 144 500 сўмдан эмас, 193 000 сўмдан қилиб белгиланганлиги маълум бўлган.

Юқоридаги усул билан товарлардан харид қилган Ҳ.О. ва Х.Х.ларнинг юқоридаги ҳолат юзасидан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатларини ўрганилиши жараёнида савдо ташкилоти масъул ходими У.А. ва сотувчиси Ҳ.С.лар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганиш ишлари давомида ойлик тўлов усули қатъий белгиланган сумма шаклида эмас, балки ўзгариб борадиган сумма шаклида расмийлаштириб юборилганлиги, лекин бу ҳақда истеъмолчиларни огоҳлантирилмаганлиги маълум бўлиб, томонларнинг келишуви асосида истаъмолчи Ҳ.О. ва Н.А.ларнинг ҳар бирига 450 000 сўмдан жами 900 000 сўм фарқ суммасини қайтарилишига эришилди.

Сардор Мирзажонов,
жамият раиси.

Post Comment