Электр энергияси ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва қайта ўрнатиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланишда нималарга эътибор қаратиш зарур?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 20-августдаги 698-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ, электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва қайта ўрнатиш жараёни давлат хизмати сифатида кўрсатилиши белгиланган. Бу эса истеъмолчилар учун бир қатор қулайликларни яратади.
Аввало, истеъмолчи бу хизматни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонасига бевосита мурожаат қилиб, тез ва шаффоф тартибда амалга ошириши мумкин. Энг муҳим жиҳати — ҳисоблагични ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш ишлари бепул бажарилади. Фақатгина, агар истеъмолчи ҳисоблагични ўз ташаббуси билан алмаштирмоқчи бўлса айрим техник харажатлар унинг зиммасида бўлиши мумкин.
Истеъмолчилар эътиборли бўлишлари керак: хизматни фақат ваколатли ходимлар бажаради, улар махсус гувоҳномага эга бўлиши шарт. Ҳар қандай пул талаб қилиш, “тезлаштириб бериш” ёки норасмий хизмат кўрсатиш ҳолатлари қонунга зид ҳисобланади.
Шунингдек, хизмат якунлангач, истеъмолчи амал бажарилганлиги тўғрисидаги далолатнома билан танишиб, унга имзо қўйишдан олдин барча маълумотларни синчиклаб текшириши лозим. Шу тарзда, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, давлат томонидан яратилган қулай, шаффоф ва бепул хизматлардан тўлиқ фойдалана олади.



Post Comment