Тошлоқ, Данғара ва Қўштепа туманларида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди
Федерациянинг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотлари томонидан ўз ҳудудларидаги таълим ва тиббиёт муассасаларида юзма-юз шаклдаги мулоқотлар тарзидаги тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Тошлоқ, Данғара ва Қўштепа туман жамиятлари ташаббуслари билан ташкилланган тадбирлар шулар жумласидандир.
Тошлоқ тумани
Туман жамияти 34 ва 35-умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирокида, “Мен – ёш истеъмолчиман” мавзусида, ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказди. Тадбирларда ўқувчиларга истеъмолчи сифатидаги асосий ҳуқуқлари, товарларни харид қилишда эътибор берилиши керак бўлган муҳим жиҳатлар, бу борада ҳуқуқлари бузилган тақдирда мустақил амалга оширилиши мумкин бўлган саъй-ҳаракатлар, шунингдек ваколатли идораларга мурожаат қилиш йўл-йўриқлари юзасидан тушунтиршлар бериб ўтилди.
Данғара тумани
Жамият мутахассислари туман Марказий поликлиникасидаги таянч гуруҳ фаоллари билан учрашиб, амалдаги қонунчилик асослари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари билан истеъмолчилик соҳасига оид қабул қилинган сўнгги норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти, жумладан “Истеъмолчи мурожаати” электрон тизими, “Сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш тартиб-қоидалари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтдилар.
Қўштепа тумани
Ҳудуддаги 28-давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари иштирокида ташкилланган тадбир “Сифат ва хавфсизлик – истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари” деб номланди. Унда амалдаги қонунчилик билан белгилаб берилган истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари, хусусан истеъмолчининг товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳуқуқи ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, хавфсиз бўлиши каби нормалари мазмун моҳияти. истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи товар ишлаб чиқарганлик (иш бажарганлик, хизмат кўрсатганлик) учун қонунчиликка мувофиқ белгиланган жавобгарлик чоралари каби масалаларда тушунтиришлар бериб ўтилди.
Тизим ташкилотлари томонидан ўтказилаётган тадбирларда Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқилиши натижалари юзасидан атрофлича ахборотлар ҳам бериб борилиб, уларнинг бу борадаги хабардорлиги таъминланмоқда.



Post Comment