Газ таъминоти бўйича мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмоқда
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатлар орасида газ таъминотига оид муаммолар ҳам алоҳида ўрин тутади. Жамият мутахассислари ҳар бир мурожаатни ўз муддатида ўрганиб, масъул идоралар билан ҳамкорликда амалдаги қонунчилик доирасида ҳал этишни таъминлаб келмоқда.
Жумладан, шаҳарнинг Пўстиндўз кўчасида истиқомат қилувчи С.Р.нинг ўз хонадонида ўрнатилган газ ҳисоблагич хизмат кўрсатувчи корхона дастури билан алоқа муаммоси юзага келгани бўйича мурожаати ўрганилган. Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнига масъул мутахассислар жалб этилди. Олиб борилган ишлар натижасида ҳисоблагичдаги техник носозлик бартараф этилди ва ускунанинг тўлиқ соз ҳолда ишлаши таъминланди.
Шунингдек, Худойчи кўчасида яшовчи Х.М.дан ҳудуд орқали ўтган газ тармоғида носозлик пайдо бўлиб, газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилаётгани ҳақида мурожаат қолдирган. Фуқаронинг таъкидлашича, ушбу хавфли ҳолатга масъул хизматлар етарлича эътибор қаратмаган. Мурожаат асосида жамият мутахассислари ва соҳа ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари ўтказилди. Натижада, Данғара-2 Қўқон аҳоли 4-тармоғи ҳудудида аниқланган носозлик қисқа фурсатда бартараф этилди.
Газ таъминотига оид муаммолар аҳоли хавфсизлиги ва ҳаётий шароитлари билан бевосита боғлиқдир. Шу боис Федерациянинг Қўқон шаҳар жамияти ҳар бир мурожаатни эътибор билан кўриб чиқиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этишга устувор вазифа сифатида ёндашмоқда. Мурожаатларни ўз вақтида ўрганилиб, амалий ечим топиш ишлари келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Алишер Рахимов,
жамият мутахассиси.



Post Comment