Бажарилган иш ва кўрсатилган хизмат тегишли қоидаларда ва шартномада белгиланган сифатда бўлиши лозим
Қонунчиликда ижрочи деганда, маиший хизмат, уй-жой-коммунал, таъмирлаш-қурилиш, транспорт хизмати ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида шартнома бўйича истеъмолчи учун ишлар бажарадиган ёки хизматлар кўрсатадиган корхона, ташкилот, муассаса якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар тушунилади.
Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Иш бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнида камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилганлиги аниқланса, истеъмолчи мазкур иш (хизмат)га белгиланган кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса, иш (хизмат) қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида ўз қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олади.
Мазкур ҳолатда истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари деганда эса, истеъмолчининг ижрочига нисбатан қўядиган:
– нуқсонлар бепул бартараф этилишини,
– бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини,
– худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини,
– ишнинг такроран бажарилишини,
– шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилиш каби ҳуқуқлари тушунилади.
Истеъмолчининг қонуний талабларини бажарилмаслиги эса ижрочига қонунда белгиланган муддатлардан ҳар бир кечиктирилган кун учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаш мажбуриятини юзага келтиради.
Ёзёвон туманида яшовчи Н.И.нинг шу тумандаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасида автомобили мотор қисмини таъмирлатганидан сўнг уч кун ўтмасдан автомашинада эски нуқсонлар қайта кузатилгани, техник таъмирлаш ишларини қайтадан ўтказиб нуқсонни бепул бартараф этиш чораларини кўрилиши, акс ҳолда 950 000 сўм пулини қайтарилиши юзасидан қўйган талабига эса уста томонидан эътиборсизлик билан қаралаётгани ҳақидаги мурожаатини ўрганилиши давомида, устага қонунчиликнинг юқоридаги талаблари тушунтирилди. Қонун талабларини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатларини тўғри англаб етган уста нуқсонни бир иш куни ичида бепул бартараф этиб берилишини ўз зиммасига олди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.



Post Comment