Ҳақиқийлигига шубҳа билдирилган қимматбаҳо тақинчоқ алмаштирилди
Чакана савдо қоидаларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни чакана сотишда буюмнинг номи, қимматбаҳо металл тури, асиллик даражаси, қўшимчаларнинг турлари ва хусусиятлари, шу жумладан қимматбаҳо тошнинг сифат ҳамда ранги ва қиймати хусусиятларини ўзгартирган ишлов бериш усули, буюмнинг чакана нархи кўрсатилган тамғаланган ёрлиғи бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бу эса истеъмолчини олди-сотди жараёнида алданиб қолмаслиги, уни қонунчилик талаби бўлган тўғри ва тушунарли маълумот билан таъминишини кўзда тутадиган нормалардандир.
Ёзёвон туманилик Н.С. туман ҳудудидаги бозордан заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланаётган Ф.А.дан унинг томонидан белгиланган баҳоси 2 612 000 сўм бўлган, қулоққа тақиладиган зиракларни сотиб олаётганда қонунчиликнинг ушбу талаблари бажарилган эдими? Бажарилган бўлса нега зираклар бошқа мутахассисга текширтирилганда уларнинг сифатига эътироз ва ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлди?
Икки томон муросага кела олмаган мазкур муаммо юзасидан туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига киритилган ёзма мурожаатни ўрганилиши эса истеъмолчи томонидан келтирилган важларнинг асосли эканлигини кўрсатди. Сотувчи юзага келган ҳолатда ўз хатосини тан олганлиги ва мақбул сифатда бўлмаган қимматбаҳо тақинчоқни қайтариб олиб, мақбул сифатдагисига алмаштириб бериши эса масалани истеъмолчи фойдасига ҳал этилиши ҳамда унинг ҳуқуқлари тикланишига олиб келди.
Маъмура Умарова,
туман жамияти раиси.



Post Comment