Таъмирлаш ишлари такроран ва бепул бажарилди

Таъмирлаш ишлари такроран ва бепул бажарилди

Устахонада маиший буюмда таъмирлаш ишлари бажарилиб, истеъмолчига нуқсон тўлиқ бартараф этилганлиги маълум қилингандан сўнг мазкур иш (хизмат)дан фойдаланиш жараёнида ўша нуқсон қайтадан юзага келса ёки бошқа жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлса, ушбу ҳолатдаги истеъмолчининг ҳуқуқларидан бири бу ишни такроран ва бепул асосларда бажарилишини талаб қилишдир. Бунда бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) бўйича эътирозларни билдириш муддатлари иш (хизмат)нинг кафолат муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган бўлса олти ой давомида эканлиги ёдда тутилиши керак.

Ёзёвон туманилик М.З.нинг радиотехника воситаларини таъмирлаш устахонаси хизматларидан фойдаланганидан сўнг олти ойни кутиб ўтиришигаям ҳожат қолмади, сабаби платаси куйганлиги важи билан 250 000 сўм эвазига таъмирланган Samsung 32 русумли телевизорнинг бир кун ичидаёқ экрани яна қорайди қолди. Устага бу борада қилинган қайта мурожаат ва эътирозга эса таъмирлаш учун яна 300 000 сўм пул сўралган.

Яна қонунчиликнинг шу каби ҳолатлардаги низоларга ечим берувчи нормаларига эътибор қаратамиз. Уларга кўра, нуқсонларни бартараф этиш муддатлари шартномада белгилаб қўйилиши, лекин бу муддатлар истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кундан ошиб кетмаслиги, нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, ижрочи истеъмолчига ҳар бир кечиктирилган кун учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашлиги белгилаб қўйилган.

Албатта, қонунчиликнинг ушбу нормаларини устага тушунтирилиши кутилган натижани берди. Уста телевизорнинг эҳтиёт қисмини ўз ҳисобидан алмаштириб, бепул хизмат кўрсатди. Истеъмолчи муаммоси бартараф этилиб, телевизор унинг қўлига соз ҳолатда топширилди.

Маъмура Умарова,
туман жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin