Олди-сотди жараёнида истеъмолчига тўлақонли маълумот берилмаслиги келгусида турли келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин
Юртимизда онлайн савдо кундан кунг ривожланиб бораётганлиги сир эмас. Шу билан бир қаторда, аҳоли вакилларимиз бу борада бир қатор муаммоларга ҳам дуч келмоқдаларки, уларнинг айримлари онлайн савдо платформалари масъуллари ҳамда савдо агентлари томонидан амалдаги қонунчилик талабларига тўлақонли амал қилишлари билан ўз-ўзидан ечим топиб кетган бўлар эди. Бу ерда гап айнан истеъмолчига реализация қилинаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот берилиши устида кетмоқда. Қонунчиликнинг ушбу нормаси ижроси талаб даражасида таъминланмас экан муаммолар келиб чиқаверади.
Учкўприк туманида яшовчи Ш.Э. ўзларини Андижон вилояти “Омадли хонадон” МЧЖ вакили деб таништирган С.Х.нинг тавсияси ва кўмагида “Чакана” мобил иловаси ёрдамида уй-рўзғор буюмлари хариди учун 3 484 793 сўмлик шартнома расмийлаштиришади. Лекин кейинчалик шартнома расмийлаштирилаётган вақтда, истеъмолчига бу ҳақда етарли тушунтириш берилмасдан, суғурта тўловлари ҳам қўшиб юборилиши натижасида унинг қиймати яна 400 000 сўмга ошганлиги ва бу ҳолат ўз-ўзидан тўловларда ҳам аксини топганлиги маълум бўлади. Истеъмолчи буни пластик карточкасидан ойма-ой тўлаб борилиши ваъда қилинган суммадан ортиқроқ сумма ечиб олиниши бошланган пайтда сезиб қолган.
Истеъмолчининг бу борадаги мурожаатини ўрганилиши жараёнида “Омадли хонадон” МЧЖ га сўров хати киритилиб, амалдаги қонунчиликка кўра истеъмолчига товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри маълумот берилган тақдирда юзага келадиган ҳуқуқлар, хусусан истеъмолчида шартномани бекор қилиш ҳуқуқи мавжудлиги борасида тушунтиришлар берилганидан сўнг, тўлиқ тушунтирилмасдан шартномага қўшиб юборилган суғурта тўловлари суммаси сотувчи томонидан истеъмолчига тўлаб берилди.
Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.



Post Comment