Ҳисоб-китобдаги хатолик истеъмолчи мурожаати билан бартараф этилди

Ҳисоб-китобдаги хатолик истеъмолчи мурожаати билан бартараф этилди

Амалдаги қонунчиликка кўра, сотувчи ўзи томонидан реализация қилинаётган товар нархи (тарифи) ва сотиб олиш шартларини олдиндан маълум қилади ва бу ҳолат товарга қўйилган нархномада ҳамда уни сотилиши билан боғлиқ ҳужжатларда акс этади. Ўз навбатида истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга. Агар ушбу жараёнда қонунчиликка номувофиқликлар бўлса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, сотувчи олдига ўз қонуний ҳуқуқларидан келиб чиқувчи талабларни қўйиши мумкин.

Бугунги кунда кўплаб истеъмолчилар учун энг муҳим нарсалардан бири бу қиш мавсумида хонадонларини иситиш учун кўмир ёқилғиси сотиб олишдан иборат. Ёзёвон туманида яшовчи Н.И. хонадонида ишлатиш учун кўмир ёқилғисини ҳар бир килограммини 1 800 сўмдан харид қилгач унинг ҳужжатлардаги нархи аслида 1 500 сўмдан кўрсатилганлиги бўйича сотувчи вакили С.Б.га ўз эътирозини билдирган, бироқ сотувчи вакили нархномада кўрсатилган нарх эски нархлиги, у ошганлигини айтиб, ёқилғининг ҳар бир килограмми учун 1 800 сўмдан пул олиб кетган. Шундан сўнг истеъмолчи ушбу ҳолат юзасидан Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат ўрганилиши жараёнида кўмир маҳсулотларини сотувчи ташкилотда 3 хил тур ва нархдаги кўмирлар сотувга қўйилганлиги, сотувчи вакили истеъмолчидан бир турдаги кўмирни пулини олишда бошқа турдаги кўмир нархи билан чалкаштириб юбориб, ҳисоб-китобда хатоликка йўл қўйганлиги маълум бўлди. Сотувчи томони ушбу ҳолат учун истеъмолчидан узр сўраб, ортиқча олинган пул суммасини истеъмолчига қайтариб, юзага келган муаммони ҳал қилди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу ҳолат амалдаги қонунчиликка риоя этиш, айниқса товар нархи ва сотиш шартларининг очиқ-ойдин кўрсатилиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда нақадар муҳим эканини кўрсатади. Истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиши ва қонунбузарликка бефарқ бўлмасдан тегишли ташкилотга мурожаат қилиши натижасида адолат тикланиб, ортиқча олинган маблағ қайтарилди. Бу эса сотувчилар учун масъулиятни ошириш, истеъмолчилар учун эса ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имконияти мавжудлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin