Тизимлар ўртасидаги ахборот алмашинувидаги хатоликлардан истеъмолчилар жабр чекмаслиги керак
Айрим истеъмолчиларнинг чиқинди ташиш хизматларидан реал қарздорликлари мавжудлигини ҳамда мазкур қарздорликлар истеъмолчилар томонидан бартараф этилиши лозимлигини инкор этмаган ҳолда, чиқинди ташиш хизмати билан шуғулланаётган корхона базасидаги, шунингдек электр таъминоти корхонаси базасидаги айрим чалкашликлар бугунги кунда чиқинди хизматидан қарздорлиги бўлган абонентларни электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатиш ишларида турли тушунмовчиликларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Бу каби ҳолатлар Данғара туманида яшовчи Қ.О. ва У.З. ларнинг туман Прокуратурасига қилган мурожаатларини туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида ҳам кузатилди. Хусусан, ўрганишда истеъмолчи Қ.О.нинг электр ҳисоб рақами бошқа абонентга бирикиб қолганлиги, чиқинди ташиш хизматлари бўйича эса истеъмолчи Тоза макон электрон платформаси бўйича 2026 йилнинг июл ойигача ҳақдорлиги мавжудлиги, истеъмолчи У.З.нинг ҳам электр ҳисоб рақами ҳам бошқа абонентга бирикиб қолганлиги, чиқинди ташиш хизматлари бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги қайд қилиниб, ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар туман Прокуратурасига киритилди.
Бу каби ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиб, масъул ташкилотлар ўртасидаги ахборот алмашинуви ва ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, маълумотлар базасини тўлиқ ва аниқ юритиш зарурлигини кўрсатиб бермоқда.
Саидамир Ғуломқодиров,
жамият раиси.



Post Comment