Истеъмолчи манфаати устувор: бир мурожаат мисолида
Амалдаги қонунчиликка кўра, сотувчи шартнома асосида истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Лекин амалиётда томонлардан бири, хусусан сотувчи ўз мажбуриятини тўлақонли бажармасдан, истеъмолчига мақбул сифатда бўлмаган товарни сотиш ҳолатлари кўп учраб қолмоқда. Бундай ҳолатлардан бирини Ёзёвон туманилик Т.Х.нинг мурожаатини ўрганилиши мисолида кўриб чиқайлик.
Истеъмолчи тумандаги Қатортол МФЙ ҳудудида фаолият олиб бораётган пахта титиш цехидан ўз эҳтиёжлари учун сотиб олган халқимиз оддий тилда той пахта деб атайдиган маҳсулотни хонадонига келтирганида уйдагилари унга пахтадан ёқимсиз зах ҳиди келаётганлиги, бундай ҳид келишини сабаби пахта титиш жараёнида унинг таркибига эски яроқсиз увада қўшиб юборилган бўилиши мумкинлиги, ундан фойдаланиб бўлмаслиги бўйича эътирозларини билдирган. Истеъмолчининг сотувчи билан бу борадаги музокараларидан эса ижобий натижа бўлмаган.
Мурожаатни туман жамияти мутахассислар томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчи билан учрашилиб, унга қонунчилик тарғиботи олиб борилиши давомида у маҳсулотнинг ҳақиқатан ҳам мақбул сифатда эмаслигини тан олиб, истеъмолчига сотилган нуқсонли товарни қайтариб олиш ва мақбул сифатдаги товарни етказиб беришни ўз зиммасига олди.
Бу каби ҳолатлар истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини билиши ва уларни ҳимоя қилиш механизмларидан фойдаланиши нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ҳам ўз фаолиятида қонун талабларига қатъий риоя этиши, истеъмолчига сифатли ва хавфсиз товар таклиф этиши лозим. Бу эса нафақат фуқароларнинг манфаатларини таъминлайди, балки бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, жамиятда ишонч ва қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.



Post Comment