Сотувчи унутманг: истеъмолчининг қонуний талабини бажармаслик зиммангизга моддий зарар ва маънавий зиённи қоплаш мажбуриятини ҳам юклаши мумкин

Сотувчи унутманг: истеъмолчининг қонуний талабини бажармаслик зиммангизга моддий зарар ва маънавий зиённи қоплаш мажбуриятини ҳам юклаши мумкин

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда у ҳолатдан келиб чиқиб, мазкур товарни алмаштириш, бепул таъмирлаш, харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш, шартномани бекор қилиш ва шу каби бир қатор талабларидан бирини сотувчига нисбатан қўяди. Сотувчи эса ўз навбатида мазкур талабларни ўз муддатларида кўриб чиқиши ва тегишли қонуний чораларни кўриши шарт, акс ҳолда, сотувчи ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда, унинг зиммасига етказилган моддий зарар ҳамда маънавий зиённи қоплаш мажбурияти ҳам юкланиши мумкин.

Риштон туманида истиқомат қилувчи Ф.А. тумандаги “Дунё” кредит савдо дўконидан тикув машинаси ҳамда EPA-2400-1 (2400 Wt) русумли моторли аррани бўлиб тўлаш шартларида харид қилади. Бироқ 2 226 000 сўмга харид қилинган моторли аррада нуқсон мавжудлигини аниқлагач, сотувчига бу борада ўз эътирозини билдириб, товарни бепул таъмирлатишга қайтариб топширганидан сўнг икки ой ўтса ҳамки ишлар охирига етказилмасдан қолаётганидан норози бўлиб Федерациянинг Риштон туман жамиятига мурожаат қилади.

Туман жамияти мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчига қонун нормаларини бажарилмаслиги натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлардан огоҳлантириб алоқа хати киритгач, нуқсонли моторли арра худди шу русумдаги бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиб, истеъмолчини 2 ой давомида қийнаб келган муаммо бартараф қилинди.

Хусниддин Латипов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin