Кафолат муддати ичида нуқсонлари аниқланган телевизорни мақбул сифатдагисига алмаштирилиши чора-тадбирлари кўрилди
Аввало қонунчиликда белгилаб қўйилган кафолат муддати тушунчаси қуруқ гап эмаслигини яхши англаб олишимиз керак. Қонунчилик истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида, ҳаттоки, ишлаб чиқарувчи томонидан кафолат муддати белгиланмаган узоқ муддат фойдаланиладиган (кўчмас мулк ва мавсумий товарлардан ташқари) товарларга ҳам харид қилинган кунидан бошлаб 6 ой ичида кафолат муддати белгиланган товарлардаги каби бир хил ҳуқуқларни белгилайдики, ушбу муддат ичида ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчи уни алмаштириш, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш, нуқсонларни бепул бартараф этиб берилиши, шартномани бекор қилиниб, кўрилган зарарни қоплаб берилиши каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади.
Ёзёвон туманилик М.Н. Қумтепа буюм бозори ҳудудидан 1 йиллик кафолати муддати билан 1 300 000 сўмга сотиб олган 32 дюм экранли Samsung русумли телевизордан уч кун давомида фойдаланилиши жараёнидаёқ унинг экранидаги рангларда чаплашиш, ғалати тарзда аралашиб кетиш каби ҳолатлар кузатилишни бошлаган. Шундан сўнг телевизор сотувчига қайтариб олиб келиниб, шу русумдаги мақбул сифатда бўлган бошқасига алмаштириб берилиши сўралган. Лекин сотувчи томонидан қонуний талабни бажариш чора-тадбирлари кўрилмаган. Бундан норози бўлган истеъмолчи Ёзёвон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилган.
Мурожаатни туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида гарчи сотувчи истеъмолчи келган пайтда ушбу русумдаги телевизордан сотувда қолмаганини, 1-2 кун ичида олиб келингандан сўнг алмаштириб беришини айтиб тушунтириш берганлигини маълум қилган бўлсада, қонунда истеъмолчининг талабларини бажариш муддатлари аниқ белгилаб қўйилганлиги, уларни бажариш шартлиги, акс ҳолда муддатларни ўтказиб юборилиши билан сотувчига нисабатан қўшимча ҳуқуқий ва молиявий таъсир чораларини кўрилишига сабаб бўлиши тушунтирилгандан сўнг, нуқсонли эканлиги даъво қилинган телевизор худди шу русумдаги мақбул сифатдагиси билан алмаштириб берилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.



Post Comment