Кўп қаватли уйнинг томига чиқиш қисмидаги муаммоли ҳолат бартараф қилинди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шаҳарнинг А.Қодирий даҳасида истиқомат қилувчи Р.Л. ёзма мурожаат қилиб, ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг том қисмидаги чиқиш эшиги (люк) узоқ вақтлардан буён таъмирланмасдан очиқ ҳолда ётганлиги сабабли ёғин-сочинли вақтларда у ердан сув ўтиши ҳамда у яшайдиган хонадонга ҳам зарар етказаётганлиги ҳақида ўзлари яшайдиган уйларга хизмат кўрсатувчи ширкатга бир неча мурожаат қилган бўлсада, бу ишлар ниҳоясига етказилмасдан келаётганлиги, камига хизмат кўрсатилмасада ширкатдан мажбурий бадал тўловлари бўйича 1 399 222 сўм қарздорлиги мавжудлиги ҳақида огоҳлантириш хати олганлигини, даъво қилинаётган қарздорлик суммасини юқоридаги иш тўлиқ ниҳоясига етказилган тақдирда тезкорлик билан сўндиришга тайёрлигини маълум қилиб, ушбу масалани ўрганиб чиқилишини сўраган.
Мурожаат шаҳар жамияти мутахассислари томонидан кўриб чиқилиши жараёнида хизмат кўрсатувчи ташкилот “Kommunal qurilish ta’mir” МЧЖга алоқа хати чиқарилиб, ўрганиш ишлари давом эттирилди. Ўрганишда истеъмолчи мурожаатида келтирилган важларнинг асосли эканлиги тасдиғини топгач, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан кўп қаватли уйнинг кўрсатилган қисмидаги томга чиқиш эшиги таъмирланиб, соз ҳолатга келтирилди ҳамда истеъмолчи муаммоси ҳал этиб берилди. Истеъмолчига хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзоларининг мажбурий бадал тўловлари ҳамда ушбу тўловлар бўйича қарздорлик суммасини тезкорликда бартараф этиши юзасидан тушунтиришлар берилди.
Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.



Post Comment