Федерация ишонч телефонига қолдирилган мурожаатлар тез муддатларда ўрганиб чиқилмоқда
Агар электр энергияси истеъмолчисида қарздорлик сабаб тармоқдан узилиш кузатилса, одатда ушбу ҳолат истеъмолчи қарздорликни бартараф қилганидан сўнг ўтадиган муайян қисқа вақт ичида бартараф қилинади. Бироқ Ўзбекистон туманилик М.А. билан содир бўлган ҳолатда бу вақт чўзилиб кетган. Таъминот тикланавермагач истеъмолчи дастлаб электр таъминоти корхонасига, сўнгра эса Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 1091 ишонч телефони рақамига қўнғироқ қилиб мурожаат қолдирган.
Мурожаат Федерациянинг туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилганда, қарздорлик бартараф қилиниши ва истеъмолчи ҳисоб рақами фаол ҳолатга ўтиши билан таъминот тезкорликда тикланмаганлигининг сабаби электр таъминоти тизимлари ва тизимдаги ҳисоблагич билан боғлиқ бўлмагани, аксинча истеъмолчи яшайдиган ҳудудда муайян вақт давомида интернет тармоғининг яхши ишламаганлиги тармоққа қайтадан уланиш ишларини чўзиб юборганлиги маълум бўлди.
Федерациянинг қисқа рақамли ишонч телефонига Қўқон шаҳрида яшовчи истеъмолчи Б.Т. томонидан қолдирилган яна бир мурожаатда эса у 2023 йилнинг ноябр ойларида харид қилган LG русумли кир ювиш машинасида жорий йилнинг январ ойида жиддий нуқсон кузатилгач, уни текширишдан ўтказган сервис маркази мутахассислари томонидан маиший техникада ҳақиқатда жиддий нуқсон мавжудлиги ва ушбу нуқсон ишлаб чиқарувчи (завод) браги ҳисобланиши ҳамда маиший буюм кафолат муддати ичида алмаштирилиши юзасидан хулоса (акт) берилган бўлсада сотувчи томонидан уни алмаштириш ишлари пайсалга солинаётганлигидан норозилигини билдирган.
Федерациянинг Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишларда шаҳарнинг Янги бозор ҳудудида фаолият олиб бораётган сотувчи билан учрашилганда, у истеъмолчи томонидан келтирилган важларни тан олиб, унинг томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни диллерга юборганлигини маълум қилиб, нуқсонли товарни алмаштириб бериш билан боғлиқ ишлар тез муддатларда ниҳоясига етказилиши юзасидан кафолат хати тақдим қилди.
Дилшоджон Рассаев,
Алишер Рахимов,
Ўзбекистон туман ва Қўқон шаҳар жамиятлари мутахассислари.



Post Comment