“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасини бошлаймиз
“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасини бошлаймиз. Лойиҳада кундалик турмуш фаолиятимиз давомида истеъмол соҳасининг турли йўналишларида дуч келишимиз мумкин бўлган турли-туман вазиятлар бўйича саволларга жавоблар излаймиз. Каналимизга обуна бўлиб, ундаги материалларни қўллаб-қувватлаб турасиз деган умиддамиз.
Савол:
Харид қилинган мақбул сифатдаги кийим мос келмаса тўланган пулни қандай ҳолатда қайтариб олиш мумкин?
Жавоб:
Федерация тизим ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлар ичида харид қилинган кийим хонадонга келтирилиб қайтадан кийиб кўриш жараёнида унинг қандайдир истеъмол хусусияти (ранги, ўлчами, фасони ва б.) мос келмагани, ушбу товарни сотувчи олиб борилиб, пулини қайтарилиши сўралганда ундан рад жавоби олинганлиги каби масалалардаги мурожаатлар талайгина. Келинг шундай ҳолатларга дуч келганингизда қонуний ҳуқуқларингиз қандайлиги ва нималарга эътибор қаратишингиз лозимлиги бўйича бироз тўхталиб ўтайлик.
Амалдаги қонунчилик истеъмолчига харид қилинган ноозиқ-овқат товарнинг қандайдир истеъмол хусусияти (ранги, ўлчами, фасони) ёқмаса ёки мос келмаса уни 10 кун ичида сотувчига қайтариш ва пулини қайтариб олиш имкониятини беради, бироқ бунда муайян талаблар ҳам борлигини унутмаслик керак.
Биринчи талаб, сотувчида бошқа бундай товар сотувда бўлмаслигидир. Сотувчида яна худди шундай товар (товарлар) бўлиши ишни Сизнинг ўлчамингизга мос бўлган, дидингизга мос ранг, фасондаги товар билан алмаштирилиши билан якунига етишига олиб келиши, пулни қайтариб олиш имконини бермаслиги мумкин.
Иккинчи талаб, товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлиши, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослар бўлишидир.
Учинчи талаб, биз сотувчига қайтармоқчи бўлган, аслида мақбул сифатдаю, лекин қандайдир истеъмол хусусияти мос келмаган товар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланган алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхатида бўлмаслиги керак.
Лекин шу ўринда, олди-сотди жараёнида харидор ва сотувчи ўртасидаги савдолашув пайтидаги келишув (ёки шартнома)да товар ёқмаса ёки мос келмаса ёхуд бошқа шартларда товар сотувчи томонидан қайтариб олиниши ва харидорга пули қайтарилишига келишилган бўлса (ёки сотувчи томонидан ваъда берилган бўлса), юқорида келтирилган биринчи ва учинчи талаблардан тўлиқ, шунингдек иккинчи талабдан қисман четга чиқиш ҳолатларига йўл қўйилади ҳамда харидорга пули дарҳол қайтарилади. Шунинг учун ҳам олди-сотди жараёнида бизга қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва имкониятлардан ташқари ҳам яна қўшимча имкониятларни бериши мумкин бўлган шартнома шартларига жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлади.



Post Comment