Сув таъминоти соҳасидаги асосланмаган қарздорликлар бартараф этилмоқда
Аввалроқ эълон қилинган хабарларда коммунал идораларнинг, хусусан ичимлик суви ва оқова сув хизматларини кўрсатувчи идораларнинг расмий сайтларида ҳар бир абонент учун шахсий кабинетлар ташкил қилинганлиги, истеъмолчи ушбу кабинетларга вақти-вақти билан кириб, ўз кўрсаткичларини назоратини олиб бориши мумкинлиги, лозим ўринларда хонадонидаги ҳисоблагич кўрсаткичларини базага киритиб бориши билан ҳисоб-китобларда турли тушунмовчиликлар келиб чиқишини олдини олиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтган эдик. Лекин жойларда истеъмолчилар томонидан бу каби хабарларга эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари ҳали-ҳануз учраб турибди. Натижада бу ҳолат истеъмолчилар шахсий ҳисоб рақамларида асосланмаган қарздорликлар юзага келишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Фарғона шаҳрида яшовчи истеъмолчи Ж.А.нинг Федерацияни 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилганда худди шундай ҳолатлардан бирига дуч келинди. Истеъмолчи мурожаатида хонадонга жорий йилнинг январ ойида кўчиб кирганлиги, хонадоннинг олдинги эгаси томонидан ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловлар ортиқчаси билан тўлаб қўйилган бўлсада, орадан бир ой ўтмасдан 459 919 сўм қарздорлик мавжудлиги ҳақида хабар топгани маълум қилинади.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишлари истеъмолчида қарздорлик мавжуд эмаслигини, аксинча шахсий ҳисоб рақам олдиндан тўловдалигини кўрсатди. Қарздорликнинг юзага келишига эса истеъмолчи (хонадоннинг собиқ эгаси) томонидан узоқ вақт давомида Биллинг базага ҳисоблагич кўрсаткичлари киритиб борилмаганлиги, бунда ҳолатларда база ўртача истеъмол кўрсаткичларини киритиб бориши сабаб бўлганлиги маълум бўлди.
Шунга ўхшаш ҳолатлардан яна бири шаҳримизда истиқомат қилувчи истеъмолчи Н.А.нинг Федерация 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатини ўрганилиши давомида ҳам кузатилган. Истеъмолчига СМС хабарнома тарзида келган қарздорлик суммасини ўрганиш ишлари давомида олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишлари натижасида асосланмаган қарздорлик деб топилиб, бартараф қилинган ҳамда унга истеъмолчига ичимлик суви ва оқава сув хизматлари тўловлари бўйича қраздорлиги мавжуд эмаслиги маълум қилинган.
Шу ўринда, аҳолимиз вакилларига бугунги ахборот асрида Ҳукуматимиз томонидан истеъмолчиларга яратилаётган қулайликлардан ўз ўрнида ва самарали фойдаланиб боришларини, бу билан истеъмол соҳасида юзага келаётган турли муаммоларни олдини олишлари мумкинлигини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.
Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.



Post Comment