Хорижга ишлаш учун чиқиш мақсадида тўланган маблағ қайтариб олинди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг Ибн Сино кўчасида истиқомат қилувчи М.А.нинг хорижга ишлаш учун чиқиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган ахборот-консалтинг хизматларини кўрсатувчи МЧЖ хизматларидан фойдаланишга тўловни амалга оширганлиги, бироқ хизмат кўрсатувчи томонидан берилган ваъда муддатида бажарилмаганлигидан норози бўлиб қилган оғзаки мурожаати ўрганилди.
Мурожаатида истеъмолчи ўзи ва турмуш ўртоғи Х.А. билан Россия Федерациясига ишлаш учун чиқиш мақсадида шартнома асосида хизмат кўрсатувчига ўтган йилнинг декабр ойида жами 10 000 000 сўм пул тўлов қилганлиги, хизмат кўрсатувчи томони уларга 2026 йилнинг январ ойида хорижга чиқишлари мумкинлигини айтишганлигини, бироқ орадан шунча вақт ўтсада Россияга юбориш ҳақида тайинли жавоб ололмаётганликларини маълум қилиб, тўланган пул суммасини қайтариб олишларида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Мурожаатда келтирилган важлар ва унга илова қилинган ҳужжатлар туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, хизмат кўрсатувчи ташкилотга ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлилигидан келиб чиқиб, тўланган суммани қайтариш талаби билан алоқа хати киритилди. Алоқа хати хизмат кўрсатувчи томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқароларга ҳақиқатда кўрсатилган ахборот-консалтинг хизматлари суммасини ушлаб қолингани ҳолда, жами 8 000 000 сўм пуллари қайтарилди.
Шохиста Раҳимова,
жамият мутахассиси.



Post Comment