Иш судгача ҳал бўлгани сабаб даъво аризаси қайтариб олинди
Марғилон шаҳрида яшовчи С.Л. Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, туман ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркор билан муддатли тўлов шартларида тузилган шартномага асосан харид қилинган ётоқхона мебели жамламаси айрим нуқсонлар билан етказиб берилгани. хусусан мебел расмда кўриб танланганидан фарқ қилиши, шифонерининг ойнасида дарз кетиш, ички қисмларида эса шилинган жойлари мавжудлиги, шу сабабдан мебелни сотувчига қайтариш ва шартномани бекор қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.
Мурожаатни амалдаги тартиб қоидалар асосида ўрганилиши давомида сотувчи томонига қонун талаблари юзасидан олиб борилган тушунтириш ишлари билан муаммони ҳал қилиш ва томонларни келишувга эриштиришнинг имкони бўлмагани сабабли мурожаатни ўрганиш давомида тўпланган ҳужжатлар асосида Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси киритилганди. Лекин иш судда кўрилгунга қадар жавобгар томони келишув таклиф қилгани, келишув шартлари даъвогар томонини ҳам қониқтиришидан келиб чиқиб, туман жамияти судга даъвони кўрмасдан қолдириш бўйича ариза киритди.
Келишувга асосан истеъмолчи С.Л. ва сотувчи ўртасида қиймати 6 300 000 сўм бўлган ётоқхона мебели хариди шартномаси бекор қилиниб, мебел жамламаси сотувчига қайтарилди ҳамда истеъмолчини бир неча ойдан буён қийнаб келаётган муаммо бартараф қилинди.
Шохиста Раҳимова,
жамият мутахассиси.



Post Comment