Давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида ўрганишлар ўтказилди

Давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида ўрганишлар ўтказилди

Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг Рақобат бошқармаси билан келишилган амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида жамоатчилик назорати тартибида ўтказиладиган кузатув-ўрганишлар режасига кўра вилоят ҳудудидаги давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳоли (истеъмолчилар)га кўрсатилаётган хизматлар сифати ва уларга яратилган шароитлар ўрганилди.

Ўрганиш ишлари билан, танлама асосда, вилоят ҳудудидаги 99 та тиббиёт муассасалари қамраб олиниб, шулардан 4 та хусусий тиббиёт муассасалари томонидан истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга номи, юридик манзили, иш режими тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган пешлавҳа қўйилмаганлиги қайд қилинди.

Шунингдек, фаолияти лицензия асосида амалга ошириладиган хусусий тиббиёт муассасаларидан жами 21 тасида лицензия нусхаси истеъмолчилар танишиши учун қулай жой (ахборот бурчаклари)га қўйилмаганлиги кузатилди. Бундан ташқари 2 та хусусий тиббиёт муассасаси лицензияга ариза топширганлигини маълум қилган.

Истеъмолчи (бемор)лар томонидан ташкилот масъулларига мурожаат қилиш (қолдириш, юбориш) имкониятлари яратилганлиги, хусусан боғланиш учун телефон рақамлари берилганлиги ҳолати ўрганилганда, улардан 5 тасида ишчи ҳолатида бўлмаган рақамлар берилганлиги, 10 тасида эса умуман бундай маълумотлар мавжуд эмаслиги кузатилди.

Муассасаларнинг 63 тасида истеъмолчиларда эътирозлар бўлганда ўз шикоят ва таклифларини билдиришлари учун алоҳида журнал (дафтар)лар юритилганлиги ижобий ҳолат сифатида баҳоланган бўлса, 36 та муассасада ушбу қулайлик ўз иш фаолиятларига жорий этилмаган. Шунингдек, ахборот технологиялари кенг ривожланган бугунги кунда ўрганилган муассасаларнинг 65 тасига электрон шаклда мурожаат қилиш имкониятлари мавжуд эмас.

Амалдаги қонунчилик хизмат кўрсатувчидан ўзи томонидан кўрсатилаётган хизматлар ва уларнинг нархлари (тарифлари) ҳақида олдиндан маълум қилиш мажбуриятини юклайди. Бироқ ўрганиш ўтказилган 7 та тиббиёт муассасасида юқори турувчи идора ёки ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган прейскурантлар қилинмаган, 11 тасида эса прейскурантлар танишиш учун қўйилмаган ва истеъмолчилар эътиборига ҳавола қилинмаганлиги сабабли аҳоли (истеъмолчилар)га хизматлар нархлари ҳақида олдиндан маълумот олишлари учун шароит яратиб берилмаганлиги кузатилди.

Шунинг билан биргаликда, 12 та ҳолатда хизматлардан фойдаланувчиларга касса чекларини берилмаганлиги, 2 та ҳолатда эса истеъмолчи (бемор)ларга бепул асосларда кўрсатилиши лозим бўлган хизматлар учун ҳақ ундириш ҳолатлари ҳам кузатилиб, ўрганиш якунлари юзасидан тайёрланган маълумотлар белгиланган чора-тадбирларини амалга оширилиши учун вилоят Рақобат бошқармасига киритилди.

Post Comment