Истеъмолда бўлган смартфон харид қилган истеъмолчининг муаммоси бартараф этилди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида истиқомат қилувчи Г.И.нинг истеъмолда бўлган смартфон харид қилингани ва ундаги нуқсонлар сабаблар сотувчига қайтарилгани, лекин пул маблағини қайтариб олишда муаммоларга дуч келинаётгани масаласида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қолдирган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда истеъмолчи, Марғилон шаҳрида фаолият юритиб келаётган савдо дўконидан, Youtube канали орқали амалга оширилган ёзишмалар билан бир дона истеъмолда бўлган “Samsung” русумли телефон аппаратини, 33 000 сўм почта харажатлари ҳам қўшилиб, 2 083 000 сўмга харид қилганлигини, аппаратга бир ярим ойлик кафолат муддати ҳам берилганлигини маълум қилади. Почта орқали истеъмолчи манзилига юборилган маҳсулот жорий йилнинг 7 март кунида очиб ишлатиб кўрилганида қуввати сарф бўлиши ҳамда қурилманинг ташқи томонларида қирилган нуқсонлари борлиги маълум бўлган. Шу боисдан смартфон 9 март кунида почта орқали сотувчига қайтарилган, бироқ сотувчи томонидан пул қайтарилавермагач Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, агар харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида олдиндан маълумот берилиши керак. Нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши эса истеъмолчига шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни қопланишини талаб қилиш имкониятини беради. Туман жамияти мутахассислари мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчи билан учрашиб унга қонунчиликнинг юқоридаги талабларин юзасидан тушунтиришлар беришлари билан истеъмолчини қийнаб келган муаммо барҳам топишига ҳамда харидорнинг банк пластик картасига 2 083 000 сўм пул маблағини тўлиқ қайтариб тушириб берилишига эришилди.
Ҳуснидахон Якубова,
жамият мутахассиси.



Post Comment