Сифатсиз косметологик хизмат оқибатида етказилган зарар қоплатилди

Сифатсиз косметологик хизмат оқибатида етказилган зарар қоплатилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Қўштепа туманида яшовчи фуқаро М.М. томонидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда қайд этилишича, у Марғилон шаҳрида жойлашган косметология хизматлари кўрсатувчи муассасага мурожаат қилиб, қовоқ қисмига пластик амалий ишлов бериш ҳамда сочни кератин қилиш хизматига буюртма берган.

Аризага кўра, мазкур хизматлар учун жами 1 714 000 сўм маблағ тўланган бўлиб, шундан 1 214 000 сўм — қовоқ қисмига амалий ишлов, 500 000 сўм эса сочни кератин қилиш хизмати учун сарфланган. Бироқ, кўрсатилган хизматлар сифат талабларига жавоб бермаган. Хусусан, қовоқ қисмига амалий ишловдан сўнг истеъмолчининг соғлигида асоратлар кузатилган, шиш ва ноқулайликлар сақланиб қолгани сабабли у тиббий муассасага мурожаат қилишга мажбур бўлган. Шунингдек, соч парвариши билан боғлиқ кератин хизмати ҳам кутилган натижани бермаган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаат белгиланган тартибда ўрганилди. Ўрганиш жараёнида хизмат кўрсатувчига амалдаги қонунчилик, хусусан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилди.
Олиб борилган тушунтириш ва ҳуқуқий таъсир чоралари натижасида, сифатсиз хизмат учун тўланган жами 1 714 000 сўм маблағ истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилди.

Шу билан бирга, истеъмолчига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, келгусида бундай ҳолатларга дуч келмаслик учун шартнома ва хизмат сифатини диққат билан баҳолаш зарурлиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаат муаллифи ўз муаммоси ижобий ҳал этилганидан мамнунлигини билдириб, соҳада амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорчилик изҳор этди.

Ушбу ҳолат яна бир бор истеъмолчиларга хизматлардан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш, хизмат кўрсатувчи ҳақида етарли маълумот тўплаш ҳамда ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш муҳимлигини кўрсатади.

Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.

Post Comment